Get Mystery Box with random crypto!

#Яшил_макон ЁШ БОҒБОН Уч гектарли зардолузор барглари заъ | BUXORO.UZ | Расмий канал

#Яшил_макон

ЁШ БОҒБОН

Уч гектарли зардолузор барглари заъфарон тус олиб олтин рангда шовуллайди. Бир текисдаги интенсив боғ шу йил яхши ҳосил берди. Мағзли, ялтироқ, “юбилей” навли ўрикларнинг ҳаммаси Россия давлатларига экспорт қилинди.

Иккинчи томонда эса 4 гектарли узумзор ҳам бу йил мўл ҳосил ҳадя этди. Навлари ҳам бозорбоп: келин бармоғи, қора кишмиш, тоифи. Анчадан бери сотилмоқда.

Ёш боғбон Миршод Тиллаев ўз соҳасининг етук мутахассиси. Ишламаган одамга боғ ҳам доғ, эканини яхши билади. Бундайин тўкинлик замирида унинг сўнгсиз заҳмати, изланишлари ётганини дарров фаҳмлаш мумкин.

Миршоджон Тиллаев катта заҳирали совутгич ҳам очиб, меваларининг бир қисмини қиш кунлари учун сақламоқда. Боғнинг яна бир қисмида ток новдаларидан қаламчалар қилиб, кўчатга ҳозирламоқда.

– “Яшил макон” зарбдор кунларида маҳалламиз ободлиги учун Миршод Тиллаевнинг ҳиссаси катта,-дейди Бахтиёрчи маҳалласи раиси Абдураҳмон Ботиров.

Боғларни айланамиз. Бугун ҳосилидан бўшаб ҳориган чаманзорлар келгуси йили мўл мева ҳадя этажагини билдираётгандек. Буларнинг сабабчиси, ёш боғбон Миршоджон Тиллаевга омад ёр бўлсин.

Махфират Атоева,
Ислом Сатторов.