Get Mystery Box with random crypto!

Мен Ўзбекистон мустақилликка эришганида 8 ёшли қизалоқ эдим. Ҳ | БУХОРО ТАРИХИ

Мен Ўзбекистон мустақилликка эришганида 8 ёшли қизалоқ эдим. Ҳар йили оила аъзоларим билан телевизор орқали пойтахтимиз Тошкентда нишоналанадиган мустақиллик тантаналарини томоша қилиб келганман. Кечанги байрам тантаналари бошқаларига ўхшамади... Янги Ўзбекистон боғида шундай доруломон кунларни орзу қилган, бу йўлда ўз жонини фидо қилган жадид боболаримиз мустақиллигимизнинг 31 йиллик тўйига мезбонлик қилишди. Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон” шеъри  қўшиқ қилиб куйланди... Миллат ойдинлари меҳмон бўлиб келганларга Ватанни севиш, мактаблар очиш, миллий армия тузиш ва уни кучайтириш, давлатчиликни ривожлантириш ҳақидаги ибратли гапларини айтдилар...
ХХ аср бошлари... Россия империясининг мустамлакачилик зулми авж олган бир пайтда миллат ойдинлари маърифат либосида озодлик учун кураш майдонига кирдилар. Янги мактаблар, таълимга ҳомийлик қилувчи хайрия жамиятлари, кутубхоналар, қироатхоналар очдилар. Матбуот ва театрга асос солди. Бу ишларнинг бошида Туркистон жадидчилик ҳаракатининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий турди. Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳожи Муин, Саидризо Ализода, Абдурауф Фитрат, Усмон Хўжа, Атоулла Хўжа, Мусо Саиджонов ва бошқа тараққийпарварлар миллат ва Ватан озодлиги йўлида Беҳбудийнинг ҳаммаслаклари ва давомчилари бўлдилар.
Туркистон жадидлари миллий давлатчилигимиз тарихида муҳим ўрин тутувчи Туркистон Мухториятига асос солдилар. Бу ҳукумат борйўғи 72 кун яшаб, болшевиклар томонидан қонга ботирилган бўлса-да, жадидларимиз ўз маслакларидан воз кечмадилар. Жисмонан йўқ қилингунларига қадар Ватан озодлиги йўлида кураш олиб бордилар.
Байрам тадбирини кузатар эканман, мустақиллик йўлида жонини фидо қилган жадид боболаримизнинг  кўзларида 100 йил олдин армонга айланган орзуларининг ушалганлигини кўрдим. Мустақиллик ва тинчлик буюк неъмат эканлигини англадим.
Азиз ватандошим! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Дилноза Жамолова