Get Mystery Box with random crypto!

#Кун_ҳикмати - Ота-она учун фарзанд ким? - Бел қуввати | Buxoro Namoz Vaqti 🌙

#Кун_ҳикмати

- Ота-она учун фарзанд ким?
- Бел қуввати, қалб ҳарорати, кўз нури, авлод ҳамда орзу-умидлари давомчиси. Умрларига умр “қўшувчи” ёхуд уни “камайтирувчи” онгли мавжудот. Сири ва сирдоши...

- Фарзанд учун Ота ким?
- Қиблагоҳ, дуогўй, ибрат намунаси, ҳаётнинг бахтли дамлари, синов ва ташвишларида мададкор, тўғри ва самимий маслаҳатгўй ва ҳар дам, ҳар дақиқа ғанимат бўлган табаррук зот...

- Фарзанд учун Она ким?
- Меҳр ва эҳтиром белгиси, ғамхўрлик ва сабр тилсими, садоқат ва вафо тимсоли, меҳрибонлик ва оқибатлилик аломати, мустаҳкам қўрғон ва ишончли ҳимоя нишонаси, борлиғи борлигининг сабабчиси. Ва, албатта, ҳар дам, ҳар дақиқа ғанимат бўлган мўътабар зот...

- Эр-хотин ким?
- Турлича муҳитда тарбия олган, асосан, етти ёт бегона, тақдири илоҳий сабаб турмуш қурган, фарзанд туфайли қариндошлик риштаси боғланган, бир-бирига меҳр-муҳаббат, бахт-саодат тиловчи ҳазрати инсонлар тоифаси. Агар эр-хотиннинг ҳаётга бўлган қарашлари яқин бўлса, маслакдош, самимий дўст ҳамдир. Бу нур устига аъло нур. Бордию дунёга қарашу қизиқишлари, орзу-мақсадлари турлича бўлса, азбаройи зурриётлар тарбияси ҳаққи ҳурмати улар бўр-йўғи умр йўлдош ҳисобланадилар...

- Опа ким?
- Сингил ва ука учун меҳр ва садоқат намунаси, иффат ва ҳаё соҳибаси, эҳтиросларининг жиловдори, хушҳулқлик ва меҳнатсеварлик ибрати, масъуллик белгиси ҳамда ота-онасининг ишончли суянчиғидир...

- Сингил ким?
- Опа ва акасига беминнат ва холис ёрдамчи, сирларининг ишончли қўриқчиси, қалбан меҳрибон, шодлигу бахт, орзу ва армонларининг доимий ҳамроҳи, ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга бахт тиловчи ҳам қариндош, ҳам юрагига яқин инсонлардан бири...

- Ака ким?
- Биродари ва синглисининг ишонган тоғи, қалб қўри, ибрат ва жасурлик тимсоли. Ўзгага меҳр-мурувват кўрсатишнинг намунаси, ука ва сингилнинг сирдоши ва маслаҳатчиси, дарду ғам, қувончу ҳавас, шўхлигу ўйинқароқликдаги ажралмас ҳамроҳи ҳамдир.

- Ука ким?
- Ака ва опа сирларининг мустаҳкам пасбони, фикрларининг содиқ ҳаммаслиги, орзу-умидларининг толмас давомчиси, ҳар қандай вазиятдан қатъи назар, ака ва опасига далда бўлувчи ишончли дўст, сулола давомчиси, итоаткор инидир...

- Опа-сингил, ака-укалар бир-бирларига кимлар?
- Авваламбор, тақдири илоҳий сабаб қондош, қориндош, муайян бир сулоланинг давомчилари ҳисобланади. Бир-бирларига чексиз меҳр қўйган, айбу камчиликларини беркитган, сирларининг сирдоши, ғамларининг ғамдоши, қувончу шодлигининг биринчи огоҳдоши. Улар бир-бирларини таъмасиз яхши кўрадиган, бир-бирларининг ғурур-ифтихори, шунингдек, ўзлари мансуб бўлган сулола маънавий оламини бойитувчиси, гўзал одоб-ахлоқнинг собит тарғиботчиси ҳамдир.

Умуман, улар борки, ота-она кўнгиллари юксалган, диллари хотиржам, орзу-ниятлари улашган. Улар борки, ҳаёт дарахти тириклик булоғидан қониб сув ичади. Улар борки, умрлар янгиланаверади, саволлар туғилаверади, жавоблар топилаверади. Умуман, уларнинг иноқлигию меҳр-оқибатидан бутун башар чароғон, осмон мусаффо, замин яшарган, одамзод ҳаёти мазмундорлик касб этган.

@Buxoroshaxarnamozvaqtlari