Get Mystery Box with random crypto!

'БИР ЖОЙ' ҲАҚИДА. Бўйинг  етиб, она қизим, 'бир жой' га  узат | Boshqachada🥰

"БИР ЖОЙ" ҲАҚИДА.

Бўйинг  етиб, она қизим, "бир жой" га  узатамиз.
Ёр- ёр айтиб, бахт тилаб,  уйингдан кузатамиз.

Қиз боланинг тақдирида бордир "бир жой"га бориш.
Шукр қилгин, жойинг чиқди, бўлма онангга болиш.

Оқ либосда бошинг эгиб "бир жой"га кириб боргин.
Шу "бир жой"нинг маликаси, бекаси бўлиб қолгин.

Мушканбарлар ифори вужудингдан таралсин.
"Бир жой"ни бир кўргину  юрагинг жизилласин.

"Бир жой" сени қарши  олар катта очиб қучоғин.
Эртаси кун кўрсатади қозон, тандир, ўчоғин.

Ҳеч чўчима, "бир жой"да сени ёринг кутади.
Ҳаёт йўлига бошлаб, қўлларингдан тутади.

Шу  "бир жой"да Қайнота бор. " Жон қизим"- деб суяди.
Ҳурматини бажо қилсанг,  "Кўп яшанг!" - деб қўяди.

Шу "бир жой"да  Қайнона бор.  Нурли юзли, мулойим.
Ўз қизидек  яхши кўриб,  бағрига босар доим.

Шу "бир жой"да топажаксан  янги амма, холалар.
Опоқижон, поччажону амаки ва тоғалар.

Шу "бир жой"да чақалоқ ҳам  "сиз"ланади, биласан.
Қайни- бўйнинг рози қилсанг ахли жаннат бўласан.

Меҳр қўйгин  янги  уйга, ўрган, туп қўй, палак от.
"Бир жой" бўлсин  ўзингники,  қумдек сингиб, тошдек қот!

Ишларингни  билиб қилсанг  ҳеч ким кетга тепмайди
Гап қайтарма, гўзал сўзла "Уйингга кет!"-  демайди

Отажонинг  тарбиясин, ўгитларин унутма.
Онажонинг  тутимлари, маслаҳатин  унутма.

Чақирсалар "Лаббай"- дегин, югуриб бор, куттирма!
Иш айтишса "Хўп бўлади". Юзингни буриштирма!

" Хамирингни йиртмай ёйгин, бўлсин юпқа, думалоқ.
Сомса, мантинг чиройли туг, чучваранг- " сичқон қулоқ".

Оёқ- кийим тўғрилашни ёшлигингдан ўргатдим.
Ишга солдим, дазмолу ош- овқатни  кўрсатдим.

Остонангни покиза тут, удир сенинг юз- кўзинг.
Тарбиянгга ишонаман, уялтирма жон қизим.

Асрагин уй, жой, рўзғоринг, барака бордир унда.
Эргинангнинг топгани ҳам икки бўлади шунда.

Ҳамма сенга ҳавас қилсин, сендек келин сўрасин.
Юрганингда  қўни- қўшни кўз узолмай қарасин.

Сен эсингни танибсанки эслатамиз "бир жой"ни.
Мақсадимиз: қоқилмагин, уқиб ўрган  ҳаётни.

Жон болам, жоним болам, сени дуо қиламиз.
Бизга раҳмат  келтирсанг сендан  рози бўламиз.

Палахмоннинг  тошисан,  қайга  отса,  учасан.
Ниятни хайрли қил,  яхши  "бир жой"га тушасан.

Ҳар бир қизга битта макон, битта жой насиб қилсин.
Иккита, учта жойлардан Аллоҳ  ўзи асрасин!

Мастурахон тилайди ҳаммангизга бахт, бойлик.
Сабр, меҳнат, итоатдан турмуш бўлар чиройлик.

"Бир жой"да бахт кутмоқда, чўчима она қизим.
Ой ва Қуёш у жойда бор, сен бориб бўл юлдузи!


Мастура ҳожи она