2021-12-28 09:00:51
Бир неча кун аввал инстаграм дайректимга бир қиздан (фикрлашига қараганда ёш зед авлод қиз) мактуб келди. У хатида ўзини ўлдирмоқчи эканини ва буни ҳукми нима бўлади дея маслаҳат ҳам сўрабди. Бундай қарорга нима сабаб деб сўраганимда, атрофидагилар ўзига эътибор бермаслиги, оиласи ёмон кўриши ва ўзидан бошқа ҳамма бахтли эканини айтди. Бу ўзи учун энг катта фожеа эканини ҳам эътироф қилди.
Келажакда талаб кучаядиган соҳалардан бири психология, руҳият-қалб билан боғлиқ соҳалар бўлиши фараз қилинади. Сабаби, ижтимоий тармоққа муккадан кетган авлод виртуал актив ижтимоийлашув жараёнида шаклланди. Болалигидан ҳар бир гапи, ҳар бир сурати, ҳар бир ҳатти-ҳаракатини ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар билан шакллантирди. Одамлар лайк ёки юракча босса кайфияти яхши бўлди, дизлайк босса асабийлашди. Яхши комментга ҳурсанд бўлди, танқиддан тушкунликка тушди. Энди бу авлод омманинг муносабати билан ҳам шахсияти, ҳам ҳаётини шакллантирди. Энди мана шу омманинг эътибори унинг жамиятда (виртуал оламда) унинг борлигини, ҳаёт мазмунини ҳал қилувчи унсурга айланади. Бу авлод кишиси учун ёлғизланиш энг оғир мусибат ва ниҳояси ўлим билан якунланадиган қисмат ҳисобланади.
Шунинг учун эътибордан четда қолаётган виртуал болаларда кучли депрессия ва стресс ҳолатлари кузатилмоқда. Уларни вақтида реал ҳаёт ва реал жамият қонуниятлари билан тарбиялаб олинмаса, охири аянчли якун топадиган муваффақиятсиз лойиҳага айланишади.
Ижтимоий тармоққа муккадан кетган ёш авлод фазилатларни шакллантириш, ихлос ва иймон асосларини ўзида жам қилиш, ўзини мустақил шахс сифатида намоён қилиш устида ишламайди, балки виртуал омманинг кайфияти ва эътиборини олишдаги унсурларга бирламчи мақом сифатида қарайди. Публиканинг назари, кайфияти ҳамда муносабати унинг ҳаёт мазмунига айланади.
Аслида эса ҳар бир банданинг ҳаёт миссияси, компаси Аллоҳга қаратилган бўлиши, иккинчи ўринда эса халқ билан соғлом муносабат ўрнатишга қаратилган бўлиши лозим эди. Бўлмаса юқоридаги синглимиз каби кўнгилсизликларга олиб келиш хавфи кутмоқда.
Болаларингизга ижтимоий тармоқдан оқилона фойдаланишни ўргатиш билан бирга, уларга реал ҳаёт ва умрнинг ҳақиқий асосларини ҳам сингдиришги унутманг.
Omar Xalil
@bola_tarbiyasi
9.1K views06:00