ТОКЗОРЛАРДА ҲАВО ҲАРОРАТИ ТАРТИБОТИ Ток ўсиш даврида ҳаво ва | Bog'dorchilikuz🌳
ТОКЗОРЛАРДА ҲАВО ҲАРОРАТИ ТАРТИБОТИ
Ток ўсиш даврида ҳаво ва тупроқ ҳароратига таъсирчандир. Тупроқ ҳарорати +8..+9°Сда шира ҳаракати бошланади. Суткалик ўртача ҳарорат +10°С бўлганда куртаклар бўрта бошлаб, +11..+12°Сда улар ёзила бошлайди.
Ҳаво ҳароратининг +10°Сдан юқориси ток учун фаол ҳарорат ҳисобланади. Ўртача суткали ҳаво ҳарорати +25..+30°Сда ток жадал гуллайди, новдалар яхши ўсади.
Ҳарорат +38..+40°Сдан юқори бўлганда токдаги физиологик жараёнлар, новдаларнинг ўсиши деярли тўхтайди, барг ва ғужумлар зарарланади, сифати пасаяди.
Кузда ҳаво ҳарорати -3..-5°Сда барг ва ғужумлар, -8..-12°Сда куртак ва новдалар совуқдан зарарланади.
Қишда ток новдалари -18..-22°С, илдизлари эса, -5..-7°Сда зарарланади. Яхши чиниққан токнинг занг ва маданг қисмлари -20..-25°Сгача совуққа чидаши мумкин. Ер сатҳидаги қор қатлами ҳам тупроқ ҳароратини оширишга, тупроқни музламаслигига ёрдам беради.
Баҳорда ҳаво ҳароратининг +1°Сгача пасайиши куртакларни уйғонишдан тўхтатади, ҳарорат -3..-4°С совуқда бўртган куртаклар, ўсаётган ёш яшил новдалар ва барглар, 0..-2°Сда эса тўпгуллар нобуд бўлади.
Қиш давридаги ҳавонинг совуқ ҳарорати ҳамда совуқнинг давомийлигига қараб ток туплари кўмиладиган, шартли кўмиладиган ва кўмилмайдиган ҳудудларга бўлинади.Совуқ -20°Сдан юқори бўладиган ҳудудларда ток кўмилиб, совуқ -16..-18°С бўладиган ҳудудларда шартли кўмилиши, совуқ -15°Сдан ошмайдиган жойларда эса кўмилмасдан ўстирилиши мумкин.
Manba: agrobloger
@bogdorchilikuz