Get Mystery Box with random crypto!

Шукри Эрбош Нега Ўлдирмоқ Шарт Қишлоқиларни? Нега ўлдирмоқ ш | Bobil kutubxonasi

Шукри Эрбош

Нега Ўлдирмоқ Шарт Қишлоқиларни?

Нега ўлдирмоқ шарт қишлоқиларни?
Чунки оғир оқар улардаги қон,
Бетиним ўзгарган дунёга қарши
Пахса деворлардек қаттиқ,
Чақир тиканлардек қурғоқ,
Лоқайд исён қилади улар.
Бефахм, қўпол ва айёрдир бари,
Алдарлар ишониб ўз алдовларига.
Чўнтаклари пул билан бўлса ҳам тўла
Қашшоқ кўринмоқдек одатлари бор.
Ҳар нега бепарво, ҳар кимдан араз.
Ёмғирни, шамолни ва қуёшни
Ҳеч йўқ бир кун экинларин эсламай туриб
Ёдга олмаслар...
Ва, бир-бирларин сарҳадин бузиб
Урингайлар ерларини кенгайтирмоққа.

Нега ўлдирмоқ шарт қишлоқиларни?

Чунки улар дўппослайди хотинларини
Юмшоқ эмас овозларин оҳанглари ҳам.
Ташқарида эзилганча
Уйда зулмокрга айланарлар боз.
Газета ўқишмас ва саслари чиқар
Фақат ўзлари дучор бўлган он
Ҳақсизликларга.
Ҳар қадамда булоқ оққан қишлоқларида
Тоза кийинмас ва доим
Бир қарич соқол билан кезади улар.
Тарбия бермайди болаларига,
Уйларида китоб, мусиқа ва сурат йўқдир.
Тишларини ювмагайлар
Ва ечарлар қалпоқларин фақат ётганда.

Нега ўлдирмоқ шарт қишлоқиларни?

Чунки улар жанжал қилар
Итлари ғажишган маҳаллар ҳатто
Ва зиёрат қилгайлар бир бирларини
Фақат жанозада ёки тўйларда.
Уялгайлар куйламоқдан ё йиғламоқдан,
Кулмоқ уят, завқ заифликдир.
Ёлғиз шароб мастлигида йиғлайди улар,
Минглаб йиллар қобиғининг остида
Юраклари кучсиз қолмиш
Жинчироқнинг пилиги янглиғ.
Уларга тенг келмас, ишон ҳеч кимса
Бир бирларин лақиллатмоқда.
Қаергадир йўлга тушган он
Энг камида ўн қадам олдинда
Юрарлар хотинларидан
Ва бир эркаклик исботи каби
Уларни урарлар издиҳомнинг шундоқ ичида.

Нега ўлдирмоқ шарт қишлоқиларни?

Чунки улар овоз берар
Нотўғри ва ноҳақ партияларга,
Мазаҳ қилиб ўзларига ўхшаганларни
Бошқаларга ишонарлар ҳеч бир сабабсиз.
Давлат улар учун
мулк идораси, банкдаги қарз ва касалхонадир.
Давлатдан қўрқарлар ва ҳийла ишлатарлар
Уни алдамоқ учун.
Лек, бир нозир қаршисида, ўта ғалати,
Ерга киргудек жим эзиладилар.
Инфляция деганда буғдой билан ўғит нархин билишар фақат.
Масжид девори, қаҳвахона ёхуд дарахтнинг
Танасига ястанганча
Ўн бир ой осмондан баракот кутар.
Диндордирлар охиратнинг қўрқуви билан,
Лек бир аёлнинг болдирларидан
Сийналарин кўриш қадар кўзлари пишган.
Ҳосилни йиғгач,
Йилда бир кез боришади катта шаҳарга!

Нега ўлдирмоқ шарт қишлоқиларни?

Чунки улар автобусда ечадилар туфлиларини,
Пайпоқ ва оғиз ҳидлари ичида ястанганча ўриндиқларга
Ҳамманинг кўнглини айнитиб чунон,
Дўриллаган овози билан
Гапирарлар
Қизларининг бахтсизлигию лапашанг ўғиллари ҳақида баланд.

Очликдан силлалари қуриганда ҳам
Шукр қилар,
Буни
Тангрининг бир лутфи, дея ишонар қаттиқ
Ва арзимас бир нима ҳақида сўзлаётгандек
Ҳар лаҳзада ўша пинҳон тасалло билан
Олис шаҳардаги бадавлат қариндошин
Мақтайди улар.
Одоблидир ошхонада ош ейишни билмоқлик қадар.
Бироқ, ташқарига чиқишган пайтда
Йўтала йўтала серкўпик, сербалғам қилиб
Тупурарлар йўлнинг қоқ ўрталарига.
Ва лол қолиб бу тозалик, озодаликдан
Мақтайдилар шаҳарда яшашнинг хосиятини.

Нега ўлдирмоқ шарт қишлоқиларни?

Уйқуга ётарлар ҳали хуфтон тушмай турибоқ
Ва йўқдир уларда
Ярим тун юлдузларга боқиб пурхаёл
Бошқа дунёларга кетмоқ истаги.
Осмонни баҳорда ёмғир ёғган кун
Ва ёзда қуёш экинларин сийлаган пайт
Севарлар фақат.
Тасаввурлари бўш ва ҳеч қайси янги нарсага
(Бу ҳосили сероб бўлган уруғ бўлса ҳам)
Натижасин кўрмай туриб ишонишмас ҳеч.
Ҳеч бир ҳиссалари йўқдир
Дунёдаги тараққиётга.
Бойликка ўч улар, молу мулкка ўч,
Бир ўлканинг келажаги
Кичик далалари олдида бир ҳеч.
Ва, худди қоя парчаларидек
Турадилар рад этганча сув ўтказмоқни
Даврнинг теран ирмоқлари қаршисида жим...

АЙТИНГ, ҚАНДАЙ ҚУТҚАРАЙЛИК ҚИШЛОҚИЛАРНИ?

Туркчадан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

@bobil_kutubxonasi