Get Mystery Box with random crypto!

​Сизни нима мақсадда бу даргоҳга юбордик?! #Хотира 1970 йилла | Bintu Sodiq

Сизни нима мақсадда бу даргоҳга юбордик?!

#Хотира
1970 йиллар. Муҳаммад Юсуф ҳожи дада одатларига мувофиқ ўғли Муҳаммад Содиқдан хабар олгани Андижондан йўл босиб, Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасига намозшомга яқин кириб келди. Мадраса дарвозасидан кираркан, қоровулхонадан талабаларнинг шовқини эшитилди. Қоровулхонада ўнларча талаба йигитлар зангори экранга термулиб, футбол кўришмоқда.Улар орасида Муҳаммад Содиқ ҳам бор. (Тахминан ўша вақтдаги Пахтакор жамоаси тўп сурмоқда.) Ҳожи дада ҳам секин кириб, эшик ёнидаги бўш жойга ўтириб, жимгина кузата бошлади. «Гоооол!» талабалар шовқин-сурон қилиб голни нишонлашди. Бир талаба йигитнинг кўзи бирдан ҳожи дадага тушди. У Муҳаммад Содиқни туртиб, ҳожи дада шу ердалигига ишора қилди. Муҳаммад Содиқ ҳожи даданинг вазмин нигоҳларига қараб, ранги оқариб, қотиб қолди. Талабалар каловланиб, бири салом берган, бошқаси телевизорни ўчириб, бирин-кетин қоровулхонадан чиқа бошлади.
Ҳожи дада мадрасанинг иккиничи қаватидаги Муҳаммад Содиқнинг ҳужрасига чиқиб, йўл чарчоғидан ерга тўшалган кўрпага ўрнашди. Қаршисида Муҳаммад Содиқ айбдорларча минг ҳижолатда турарди. «Чой дамлаб келайми?» Базўр шу савол чиқди. Йилларга татийдиган сукутдан сўнг ҳожи дада вазмин нигоҳини ўғлига қадаб деди: «Сизни бу даргоҳга нима мақсадда юборгандик?» Муҳаммад Содиқнинг рангида ранг қолмади, айбдор нигоҳини ерга қадаб, ҳужрадан чиқиб кетди.
Тонг отди. Ҳожи дада одатдагидек мадраса устозларини зиёрат қилди. Ўз қўллари билан ош дамлаб, устозу талабаларни меҳмон қилди. Ҳамма зиёфатдан ҳурсанд. Аммо Муҳаммад Содиқ кўринмасди.
Сафар қариди, ҳожи дада мадраса устозларидан дуо олиб, ўғлига эътиборли бўлишларини тайинлаб, Андижонга қайтди.
   Ҳожи дада кетганига ишонч ҳосил қилган талабалар Муҳаммад Содиқни излай кетишди. Муҳаммад Содиқ мадраса томидан секин пастга туша бошлади. Кўзлари қизариб кетган, туни билан ухламагани билиниб турарди. Қўлида қалин муқовали бир китоб...

Муҳаммад Амин домланинг хотира дафтаридан.

Мубашшир Аҳмад


@BintuSodiq