Get Mystery Box with random crypto!

НИМА ҚИЛСАМ БОМДОДГА ҚИЙНАЛМАЙ ТУРАМАН? #намоз CАВОЛ: Бомдод | “Исломобод” жоме масжиди

НИМА ҚИЛСАМ БОМДОДГА ҚИЙНАЛМАЙ ТУРАМАН?
#намоз

CАВОЛ: Бомдод намозига турушлик тўғрисида яқинда эшиттимки, агар инсон бир оғир гуноҳ қилса бомдодга туролмас экан, кейингиси, агар аёли кечки овқатни бетаҳорат қилса ҳам туролмас экан. Яна қандай иллатлар борки бомдод намозига туришга тўсқинлик қилади? Нима қилсам бомдодга осон ва қийналмай туришим мумкин?

ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Гуноҳлар одамни оғир қилиб, табиатига дангасалик олиб келиши тўғри. Бунинг чораси гуноҳларни тарк қилишдир.

Аёлининг таҳоратсиз таом пишириши эрнинг бомдодга ухлаб қолишига сабаб бўлмайди. Чунки доим таҳоратли юриш фазилат бўлсада, таҳоратсиз қилинган таом ибодатлардан тўсувчи бўлмайди.

Бомдодга эрта туриш учун қуйидагиларга амал қилиш керак бўлади:

- Бомдод намозининг фазилатини, унга бериладиган савобларни ўрганиш. Бомдодни тарк қилишнинг ёмонлигини билиш.

- Уйқуга кетишдан аввал суннат бўлган дуоларни ўқиб, бомдодга туришни астоидил қасд қилиб ётиш.
Киши қаттиқ қасд қилса, кўзланган вақтда тура олиши кўп марта тажрибалардан ўтган.

- Хуфтонни ўқигач имкон борича тезроқ уйқуга ётиш (айниқса ёз кунлари). Пайғамбаримиз алайҳиссалом хуфтондан кейин дунё сўзларини сўзлашиб туришни хуш кўрмасдилар.

- Намозга ўйғотувчи воситалардан фойдаланиш.
Телефон ёки соатни ўйғотгичга қўйиш ёки бирор яқин кишисидан намозга ўйғотишни илтимос қилиш керак.
Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом оғир сафардан қайтаётиб тонгга яқинлашиб қолганда Билол разияллоҳу анҳуни ўзлари ва бутун қўшинни ўйғотишга масъул қилиб ухлаганлари ривоят қилинган.

- Ётишдан аввал кўп еб-ичмаслик.
Умуман олганда, меъёрда таомланиш тананинг енгил бўлиши, ғайратли бўлишга сабаб бўлади ва намозларга ўйғонишни осонлаштиради. Ҳаддан ошиқ кўп ейиш эса танани оғирлаштириб, одамни дангаса қилиб қўяди. Ҳадиси шарифда айтилганидек, тўла идишларни ичида энг ёмони – одам боласининг тўла қорнидир.

- Намозни уйқудан устун билиш.
Намозларга вақтида туриш, хусусан бомдод намозига туриш намозни уйқудан афзал билган кишиларга насиб бўлади. Бу маъно бомдоднинг азонида ҳам акс этган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бомдоднинг азонига “Намоз уйқудан афзалдир”, деган сўзларни қўшишни маъқул кўрганлар. Бу азонни эшитганларга яхши насиҳат ва огоҳлантииш вазифасини ўтайди. Валлоҳу аълам.

Telegram | Facebook | Youtube