Get Mystery Box with random crypto!

​#ҳангома КАНАРЕЙКА «ОЗОДЛИККА ЧИҚДИ» Болалигимдан жониворла | bekajon.uz

​#ҳангома

КАНАРЕЙКА «ОЗОДЛИККА ЧИҚДИ»

Болалигимдан жониворларни яхши кўраман. Айниқса, қушларга меҳрим ўзгача. Буни уйдагилар ҳам, дугоналарим ҳам, хуллас ҳамма яхши билади. Шунданми, менга ким совға бермоқчи бўлса, албатта бирор ҳайвон расми туширилган ё шакли кўчирилган нарсалар, баъзан, ҳатто, тирик жониворларни ҳам туҳфа қилишади. Хонамдаги деворлар ҳайвонлар расми туширилган плакатлар, рамкалар билан тўла. Уйда малла мушугим, туғилганига уч ой тўлган, кичкинагина кучукчам бор. Бу жониворларни дадам менга атаб олиб келганлар. Яқнда туғилган кунимни нишонладик. Айни шу куни ҳеч кутилмаган воқеа рўй бердики, ҳалигача эсласам, кулгим келади.
Дадам галдаги туғилган кунимга атаб чиройли безатилган симқафасда канарейка келтирдилар. Қушча шунчалар ёқимтой эдики, уни кўрган одам олдидан жилгиси келмасди. Канарейкани кўриб дугоналаримнинг оғзи очилиб қолди, бир-иккитаси «менам дадамга айтаман, олиб келадилар», деб ҳавас қилишди. Меҳмонлар тарқалгач, бутун оила жамулжам бўлиб, дастурхон атрофига йиғилдик. Бир маҳал дадам ҳаммамизга бир кўз югуртириб:
-Салим қани, деб сўрадилар.
Беш ёшли укам даврамизда йўқлигига мен ҳам энди эътибор бердим.
-Ҳозир топиб келаман, деб ўрнимдан турдим ва Салимжонни излашга тушдим. Ҳамма жойни қидириб, укамни тополмадим. Охир хонамга йўналиб, эшикни очгандим ҳамки, нимадир пир этиб устимдан учиб ўтди. Салимжон эса ҳайратини яширмай:
-Учиб кетди,- деб юборди. Унинг қўлидаги дарчаси очиқ қафасни кўриб, англадим: канарейка.
Қафасни сал тепароққа илиб қўймаганимиз панд берганди. Канарейка «озодликка чиққанди». Роса алам қилганди ўшанда. Дадам эртаси куни бошқа канарейка олиб келдилар.

Саодат.

https://t.me/bekajon_gazeta_uz