Get Mystery Box with random crypto!

​​ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ Нима учун керак? (3-қисм) Бу биз ишлатаётган | Bayyina.uz

​​ИНТЕРНЕТ ФИҚҲИ
Нима учун керак? (3-қисм)

Бу биз ишлатаётган интернет, қўл телефонлари жонсиз нарсалардир. Кўр-кўрона интернетга ёхуд телефонга душманлик қилишимиз уммати Муҳаммаднинг савиясидан эмас. Албатта бу дегани интернетга шўнғиб кетишимизни, телефонга берилиб кетишимизни англатмайди.
Инсоният либерализм билан ақлидан маҳрум бўлган бўлса-да, инсонлар ақлини ишлатолмайдиган қўғирчоқларга айланишган бўлса-да, дунё машҳурлари ҳам шу ҳолатни давом эттиришга ҳаракат қилсалар ҳам, биз уммати Муҳаммадмиз, бизнинг шариатимиз бор. Гапирган гапларимиз, сўзлаган сўзларимиз учун ҳисоб-китоб қилинишини биладиган умматмиз. Биз сифатимизни интернетга фидо қилсак, Қуръондаги «Ҳумаза» сурасини ўқишимизга ҳожат қолмайди. Эгри-букри гап-сўзлар қилсак, кўз-қош ўйнатиб инсонларни мазах қилсак, буни қиёмат куни ҳисоби борлигини унутмаслигимиз лозим. Мўмин инсоннинг телефон орқали бундай ҳаракатлар қилиши ўта хавфлидир.

Бугунги кунда бонг уриб айтилаётган жамият билан ҳамнафасликдан кўра бошқача ва бунга юқоридан назар соладиган ижтимоий умматмиз. Ҳатто фаришталар, жинлар ва ҳайвонлар билан ҳам ижтимоий алоқамиз бор диннинг мансублари эканмиз, бу диннинг эгаси Аллоҳ, Аллоҳ бизни интернетда бўш ташлаб қўядими? Олимлар, домлалар яхшилаб интернет фиқҳи тайёрлаб мусулмонларни бу борадаги эҳтиёжини қондирсалар, мазкур юксак савиядаги жамият билан ҳамнафас эканликларини исботлаган бўлмайдиларми?
Мўминнинг қалби ҳам мўминдир. У қалбда иймон билан ёлғон жамланмайди. Иймон ва ёлғон сўзлари бир-бирига мутлақо зид сўзлардир. Интернет фиқҳининг биринчи қонуни шудир.

Ёлғон жуда жирканчдир, агар Аллоҳ ва Расулига ёлғон гап айттириш, йўқ гапни Аллоҳ ва Расули номидан тўқиш ёлғоннинг жирканчлигини кўпиртиришга ўхшайди. Аллоҳ таоло мусулмон жамиятида ёлғон ташувчи ва бундан ҳузурланадиганларга, ёлғонни Твиттерларда твитлайдиганларга аламли азоб билан таҳдид қилганига иймон келтирамиз.

إِنَّ الَّذِينَ يُحِبُّونَ أَن تَشِيعَ الْفَاحِشَةُ فِي الَّذِينَ آمَنُوا لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир».
(Нур сураси, 19-оят)

Инсонлар интернетни полициядан, оила назоратидан, жамият босимидан қутилдим, деб ўйлаб, икки-уч тугма билан ёлғиз қолинадиган жой деб ўйлашади. Ҳолбуки, биз Аллоҳдан йироқ ҳолимиз, фаришталар бизни кузатиб турмайдиган жой йўқ, интернет ҳам фаришталар ёзиб ҳисоб қилиб турадиган жойдир. Мўминлар учун тайёрланадиган интернет фиқҳи маълумотларида (янгидан ёзадиган нарса йўқ, шариатимиз ҳаммасини тайёрлаб қўйган, қилиниши керак бўлган иш фақатгина шариатимиз бу борада нималарни тайин қилганини аниқлаштиришдан иборат) мубоҳ нарсалар, ҳаром нарсалар аниқланади ва мўминнинг иймони ва инсофига ҳавола қилинади.
Бундан сўнг мўмин киши интернети бор жиҳоз ёхуд қўл телефонини столга қўйганида, қўлига олганида, худди таҳорати синганда масжиддан чиқиб таҳорат олиб қайта масжидга келгани сингари, рамазонда бир нарса еб қўйганида рўзаси очилгани сингари интернет ишлатганда ҳам «Бу ерда Аллоҳнинг шариати билан юзма-юзман, тўхта!» дея олиши, технологиядан қолиб кетмаслик шарти билан ўргатилади. Кейинги ишлар ўзи билан Аллоҳ орасидаги ишлардир.

Таҳорат бузилганидек ахлоқ ҳам бузилади. Рўза бузилганидек инсоннинг иймонига ҳам дарз кетади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «ёлғон билан иймон бир қалбда жамланмас»лиги ҳақида хабар берганлар. Шу сабабли ҳам, рўза куни рўзадор бўлиб нон еб қўйганда рўза очилганидек, биргина пост туфайли инсон иймонидан маҳрум бўлиши, жўнатилган биргина почта хабари туфайли ахлоқсиз ҳолга келиши мумкин! Маъзаллоҳ! (Аллоҳ сақласин!)

Муаллиф: Нуриддин Йилдиз
Таржимон: Абдуллоҳ Раҳим

———
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@Bayyinauz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!

Telegram | Instagram | YouTube