Get Mystery Box with random crypto!

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда уч хил ишдан наҳ¬йи қилинмоқда: 1. Б | Bayyina.uz

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда уч хил ишдан наҳ¬йи қилинмоқда:
1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш.
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга, савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман, дейди.
Иккинчи кўринишда эса, бировга нарса сотган одамга, савдонгни бузиб нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўп баҳо тўлайман, дейди.
Бу иш бузғунчиликдан иборатдир. Кишилар ичида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам шариатда бу нотўғри иш ман қилинган.
2. Бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш.
Бир киши бир қизга совчилик қилиб турганда у ўз ишини битирмагунча бошқа одам ҳалиги қизга совчилик қилиши ҳаромдир. Бу иш ҳам кишилар ўртасида хусумат келтириб чиқарадиган ишдир. Аммо биринчи совчилик қилган одам ўзи изн бериб, майли, насиб қилгани бўлар, сиз ҳам совчи қўяберинг, деса, иккинчи одам совчилик қилиши мумкин. Бу масала, иншааллоҳ, «Никоҳ» китобида батафсил ўрганилади.
3. Бировнинг савдолаши устига савдолашиш.
Яъни, бир киши бир нарсани савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб сотувчига менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзон бераман, дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлигидан ҳаром қилинган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Исломдан бехабарликлари, хабардорларнинг амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.

———
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@Bayyinauz | #Кун_ҳадиси
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!

Telegram | Instagram | YouTube