Get Mystery Box with random crypto!

АЛЛОҲ ТАОЛО ИШЛАРНИНГ ОЛИЙСИНИ ЯХШИ КЎРАДИ Расулуллоҳ саллолл | Bayyina.uz

АЛЛОҲ ТАОЛО ИШЛАРНИНГ ОЛИЙСИНИ ЯХШИ КЎРАДИ

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам очиқкўнгил, юмшоқсўзли, хушмуомала, мулойим инсон эдилар. Такаллуфдан ман қилар эдилар. Йўлда болаларга салом берар эдилар, кийимларини ўзлари ямар, қўйларини соғар, ковушларига ямоқ солар, хотинлари билан ҳазиллашар, саҳобаларининг зиёратларига бориб турар эдилар. У зот содда эмас, аммо оддий инсон эдилар. У зот мутакаббир эмас, аммо буюк инсон эдилар. У зотдаги оддийлик оддий ҳаётда эди.

У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам арзимас ишлар билан шуғулланишдан қайтарар эдилар. Олийҳимматли бўлишга, охират ишлари учун ҳаракатда бўлишга инсонларни тарғиб қилар эдилар. Саҳобаларга:
"Албатта Аллоҳ таоло ишларнинг олийсини яхши кўради, арзимаган ишларни ёмон кўради", дер эдилар.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ оилалари даврасида устозлари имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ ҳақида кўп гапирар, мақтар ва у кишини улуғлар эдилар.
Бир куни имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ шогирдлари имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳни зиёрат қилгани келдилар. Меҳмон уй соҳиблари билан овқатлангач ухладилар. Сўнгра эрталаб туриб улар билан бомдод ўқидилар. Сўнгра яна тўшакка қайтиб вирдлари билан машғул бўлдилар.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг аҳли наздида бу ишлар оддий ишлар эди. Шунда имом Аҳмаднинг қизчалари сўради:
- Отажон! Сиз мақтайдиган, кўп гапирадиган устозингиз имом Шофиъий шу кишими?!
Имом Аҳмад:
- Ҳа, эй қизим, шу киши Шофиъий бўладилар, дедилар.
Қизлари:
- Сиз у кишини мақтар эдингиз. Кечаси намоз ҳам ўқимадилар, зикр ҳам қилмадилар. Фақатгина у кишида учта нарсани кўрдим.
Имом Аҳмад:
- Нима экан?-дедилар.
Қизлари:
- У кишига кечқурун таом келтирганимизда сиз айтадиганингиздан кўра кўпроқ едилар. Кечаси таҳажжудга турмадилар. Эрталаб таҳорат қилмасдан намоз ўқидилар.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ қизчаларининг гапларини имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳга айтдилар. Имом Шофиъий шундай жавоб қилдилар:
- Овқатингдан кўпроқ еганимнинг сабаби сенинг овқатингнинг ҳалоллигидир. Ҳалол овқат шифодир. Мен беморман. Кўп овқат еганимнинг сабаби тузалиш учундир, тўйиш учун эмас. Кечаси намоз ўқимаганимга сабаб шуки, ухлаш учун ётганимда Қуръон ва ҳадис кўз ўнгимда пайдо бўлди. Аллоҳ менга фиқҳдан етмиш иккита масалани очди. Мусулмонлар манфаати учун уларни тартибга солдим. Кечаси билан шуни фикрладим. Намоз ўқишга вақт қолмади. Бомдодни сизлар билан таҳорат қилмасдан ўқиганимга сабаб шуки, Аллоҳга қасамки, ухлаганим йўқ. Таҳоратим бузилгани йўқ. Хуфтоннинг таҳорати билан бомдодни ўқидим.

Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ сўнгра хайрлашиб кетдилар. Шунда имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ қизларига дедилар:
"Шофиъийнинг кечаси ёнбошлаб қилган хизмати менинг тик туриб қилган хизматимдан афзалдир!".

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг қизлари бизга олий ишларга эътиборни қаратиб, арзимас ишларни тарк қилиш борасида ажойиб дарс бермоқда. Унинг меҳмоннинг овқатига, намозига, таҳоратига эътиборни қаратишини фақиҳларда ҳам кузатмайсиз. У имомнинг кийимларига, саллаларига, шаклларига, ташқи кўринишига эътибор бермаяпти.
Кишиларнинг кийимига, ташқи кўринишига, фалон нарсани сотиб олганига, фалон мамлакатга сафар қилганига, фалон жойдан қайтганига эътиборни қаратиш арзимас нарсаларга эътибор қаратишдир.
Дунёга охират назари билан боқайлик. Ана шунда олий ишларга эътибор берадиган бўламиз!

АбдулҚодир Полвонов
———
Дўстларингизга ҳам улашинг!
@Bayyinauz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!

Telegram | Instagram | YouTube