Get Mystery Box with random crypto!

Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейи | Bayyina.uz

Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

"كَانَ النَّبِيُّ صلَّى الله عليه وسلَّم لَا يَخْرُجُ يَوْمَ الفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ، وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّيَ"
وفي روايةٍ: «وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ النَّحْرِ حَتَّى يَذْبَحَ» وزاد أحمد وغيرُه: «فَيَأْكُلَ مِنْ أُضْحِيَتِهِ»

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни таом емасдан олдин намозга чиқмас эдилар. Қурбон ҳайити куни эса намозни ўқиб бўлмагунча бирор нарса емас эдилар”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Бошқа ривоятда: “Қурбонлик куни жонлиқ сўйгунларига қадар бирор нарса емас эдилар”, дейилган бўлса, Имом Аҳмад ва бошқаларнинг ривоятида: “Қурбонлик учун сўйган жонлиқларидан таомланар эдилар”, дейилган.

Шунга кўра уламоларимиз, қурбонлик қилмоқчи бўлган киши қурбон ҳайити куни то ийд намозини адо этиб, жонлиқни сўйиб, унинг гўштидан таом тайёрлаб емагунича бирор нарса тановул қилмай туриши мустаҳаб эканини таъкидлашган. Агар қурбонлик қилмайдиган киши бўлса, бу ишда ихтиёрлидир (Мулла Али ал-Қори, “Мирқотул-мафотиҳ” китоби).

Набий алайҳиссаломнинг ушбу суннатларидан кўзланган ҳикмат борасида уламолар турли фикр билдирганлар. Баъзи уламоларга кўра, Набий алайҳиссалом бу билан фақир саҳобалар билан тенг таомланишни мақсад қилганлар. Чунки суффа аҳлидан бўлган саҳобаларнинг ўша даврларда ейдиган таомлари йўқ эди. Улар қурбонлик қилган мусулмонларнинг берган таомларидан қорин тўйғазар эдилар. Шунингдек, бунда Аллоҳ таолога шукроналик маъноси ҳам бор. Чунки ўша кунги биринчи тановул қиладиган таоми қурбонлик ибодатидан ҳосил бўлган таом бўлса, Аллоҳ таолонинг ушбу ибодатни жорий қилиб, бандани бу дунёда ҳам охиратда ҳам неъматлантиришига шукр қилади. Қолаверса, бу билан Аллоҳ таолонинг қуйидаги буйруғига амал қилган бўлади:

﴿فَكُلُواْ مِنۡهَا وَأَطۡعِمُواْ ٱلۡبَآئِسَ ٱلۡفَقِيرَ ﴾ (الحج 28)

“Бас, ундан (қурбонлик гўштидан) ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 28-оят).

Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube