Get Mystery Box with random crypto!

МАШВАРАТ Бадр ғазотида урушга тайёрланиш учун Набий саллолл | Bayyina.uz

МАШВАРАТ

Бадр ғазотида урушга тайёрланиш учун Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир маконга тушдилар. Саҳобалардан Ҳубоб ибн Мунзир келиб сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ерга сизни Аллоҳ туширдими? Бундан олдинга ёки орқага ўтишимиз мумкин эмасми? Ёки бу уруш ва ҳийлами?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Бу фикр, уруш ва ҳийладир!
Ҳубоб деди:
- Ундай бўлса бу ер уруш учун бўлмайди. Бадрдаги қудуқлар ортимизда қолсин. Ана шунда биз сув ичамиз, мушриклар ича олишмайди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам шунда дедилар:
- Жуда яхши фикр!

Эътибор беринг, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг фикри билан бутун бир қўшин қароргоҳини ўзгартираяптилар. Бунда бир муаммо кўрмаяптилар.
Инсон фақатгина ўз фикрини кўра оладиган даражада мустабид бўлмаслиги лозим.
Биз фикрлар ичидан фақатгина ўз фикрига ёпишиб оладиган қайсар бўлмаслигимиз керак.
Ботилда давом этишдан кўра ҳаққа қайтиш яхшироқдир.
Кишиларнинг тажриба ва қобилиятини эҳтиром қилиш оқиллар ишидир.
Фақатгина аҳмоқ ўзининг фикрига худди ваҳийдек ёпишиб олади. Фақатгина мутакаббиргина ўзгалар фикрини ўзгалардан келгани учун рад қилиши мумкин.
Арабларда бир мақол бор:
"Ким инсонлар билан маслаҳатлашса уларнинг ақлига шерик бўлибди!".

Абдулқодир Полвонов
———
Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube