Get Mystery Box with random crypto!

​​Садидуддин Шерозий (р.ҳ) айтади: 'Машойихларимиз шундай дейи | Bayyina.uz

​​Садидуддин Шерозий (р.ҳ) айтади: "Машойихларимиз шундай дейишарди: "Ким ўғли олим бўлишини истаса, мусофир ва ғариб олимларни оталиққа олиб, мурувват кўрсатсин. Уларни иззату икром этиб, яхшиликлар қилсин. Мабодо ўғли олим бўлолмаса ҳам албатта набирасидан олим чиққай" ("таълимул-мутааллим").

Бурҳонул-ислом Зарнужий нақл қилишича фиқҳ илмида ноёб асар ҳисобланган машҳур “ал-Ҳидоя” асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний (р.ҳ) ҳазратлари кўпинча ўз шогирдларига қуйидаги ибратли воқеани гапириб берар эканлар: “Бухоронинг катта олимларидан бири масжид олдидаги ўзининг дарс ҳалқасида ўтириб, шогирдларига дарс берар экан. Аҳён-аҳёнда негадир ўрнидан туриб қўяркан. Дарс сўнгида ундан бу ишнинг сабабини сўрашса, у киши жавоб берибди: “Ўша пайтда устозимнинг ўғли кўчада ўйнаётган эди. Гоҳо масжид эшиги олдига келиб қоларди. Уни кўрганимда устозим ҳурмати учун ўрнимдан турардим” ("Таълимул-мутааллим").

Буюк фақиҳ олим шамсул-аимма Ҳалавоний (раҳматуллоҳи алайҳи) бошига тушган бир кўнгилсизлик туфайли (амир билан ораси бузилиб қолиб) Бухорони тарк этиб, қишлоқлардан бирида маълум вақт яшаб туришга мажбур бўлади. Бу вақтда у зотнинг барча шогирдлари навбатма-навбат зиёратга келиб туришарди. Улардан фақат шамсул-аимма қози Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий (р.ҳ)гина Ҳалавонийни зиёрат қилмайди. Орадан маълум вақт ўтиб, улар бир-бирлари билан тўқнаш келиб қолганларида Шамсул-аимма Ҳалавоний шогирди Бакр ибн Муҳаммад Заранжарийдан ўпкаланиб: “нега мени зиёрат қилмадинг?!”, дейди. Шогирд эса: “онамнинг хизмати билан машғул эдим”, дея ўзига узр қоим қилади. Шунда Ҳалавоний (р.ҳ): “сенга умр берилади-ю лекин дарс равнақи берилмайди!”, деган сўзни айтади.

Имом Зарнужий “таълимул-мутаъаллим” китобида ушбу воқеани келтирар экан: “Чиндан ҳам шундай бўлди. Заранжарий бир жойда муқим бўлолмай ҳали у, ҳали бу қишлоқда саргардон бўлиб юрди. Пировардида дарс бериш соҳасида ҳеч қандай тайин-тартибга эришолмади. Ҳа, кимдан устози озор чеккан бўлса, у инсон илм баракасидан маҳрум бўлади, ундан жўяли бир манфаат ололмайди!”, дея сўзига якун ясайди.

Алишер Султонходжаев
———
Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube