Get Mystery Box with random crypto!

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида. Динимизнинг ҳақлигини, нақада | BAXTLI AYOL ❤️

Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида.

Динимизнинг ҳақлигини, нақадар гўзаллигини, инсонпарвар дин эканини кўрсатувчи энг муҳим жиҳатлардан бири ота-онага яхшилик қилишнинг ибодат мақомига кўтарилганидир. Динимизда бошқа барча самовий динларга қараганда энг кўп баён қилинган мавзулардан бири ота-она ва уларга яхшилик қилиш мавзусидир.
Қуръони Каримда ота-онага эҳтиром кўрсатиш ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ота-онага қилинадиган яхшиликни бир неча ўринларда Ўзигагина қилинадиган ибодатдан кейин ёки унга қўшиб зикр қилган, баравар келтирган. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюриб туриб, сўнг ота-онага яхшилик қилишга буюради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида Аллоҳ таоло Ўзининг ризосини ота-онанинг ризосига, қаҳр-ғазабини эса ота-онанинг қаҳр-ғазабига боғлаганини айтганлар. Хуллас, жаннатга олиб борувчи ягона йўл ота-она орқали ўтадиган қилиб қўйилган, бошқа йўл йўқ. Ҳеч бир банда ҳеч қачон ота-онани норози қилиб, бу дунёда барака топмайди, охиратда нажот топмайди. Бунинг ҳикмати Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ёлғиз Ўзига маълум. Парвардигоримиз ҳар бир инсонни дунёга ота-онасиз ҳам келтиришга қодир Зот, аммо Ўзининг иродаси билан бизни ота-она орқали туғиладиган қилиб қўйди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир нарсага қодир, «Кун!», яъни «Бўл!» деса, ҳамма нарса бўлиб кетаверади. Бу ердаги «кун» сўзи матнда «коф» ва «нун» ҳарфи билан келиши ҳақида Насафий роҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирларида шундай ёзадилар: «Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айнан «коф» ва «нун»дан иборат бир сўзни айтади дегани эмас. Балки бандаларнинг тасаввурига тушунарли бўлиши учун энг қисқа ибора, иккитагина ҳарфдан иборат бир сўз келтирилган бўлиб, Аллоҳ таоло ирода қилса, ҳамма нарса рўёбга чиқавериши маълум бўлади. У Зот «Кун!» дейиши ҳам шарт эмас, аммо тушунишимиз осон бўлиши учун айтилган. Аллоҳ «Бўл!» деса, ҳамма нарса бўлаверади. Ана шу «Бўл!» деб айтилиши Аллоҳ таолонинг иродасидир. У Зот ирода қилса бўлди, ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлиб кетаверади. Жумладан, инсоннинг ота-она воситаси билан дунёга келиши ҳам Роббимизнинг ана шундай иродаси бўлиб, бунинг ҳикмати У Зотнинг Ўзигагина маълум.
Аммо шу туғилган фарзанд вояга етганида унинг ким бўлиши ота-онанинг тарбиясига боғлиқ қилиб қўйилди. Шунинг учун динимизда тарбия вожиб мақомига кўтариб қўйилди. Шу туфайли ота-она фарзанди учун дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгар, масъул бўлди. Аслида ҳар бир инсоннинг ўз ҳисоб-китоби бор, насиб қилса, ҳар бир инсон ўзининг қабрига тушади. Аммо фарзанднинг тарбияси ота-онанинг зиммасига вожиб бўлгани учун улар дунёда ҳам, охиратда ҳам жавобгар бўлар экан.

Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ.

https://t.me/baxtliayol_gulxayonorkulova