Get Mystery Box with random crypto!

#Ибрат ИЙМОННИНГ БАҲОСИ Йил оғир келиб, Басрада буғдой я | BasmalaTV | Расмий канал

#Ибрат

ИЙМОННИНГ БАҲОСИ

Йил оғир келиб, Басрада буғдой яхши бўлмади, халқ жуда қийналди. Бағдодлик бир савдогар басралик савдогар дўстига бир кемада буғдой билан хат жўнатди. Хатда «Аллоҳ йўлидаги азиз биродарим! Басрада буғдой кам бўлиб, халқнинг оғир кунда қолганидан хабардормиз. Сизга бир кемада буғдой жўнатдим, шуни икки тангадан сотиб, пулини жўнатарсиз деб умид қиламан. Харажатларингизни фойда ичидан олинг. Барчамизнинг ишимизда Жаноби ҳақ мададкор бўлиб, Ўзи адашишдан сақлаб, савдомизга баракот ато этсин! Биродарингиз!» деб ёзди.
Басралик савдогар буғдойларни жуда яхши баҳога сотди ва пулларни биродарини хурсанд қилувчи мактуб билан бирга жўнатди. Мактубда шундай сўзлар бор эди: «Азиз дўстим! Юборган буғдойларингизни бекаму-кўст олдим. Икки ҳафта кутгандим, бозорда буғдой нархи жуда яхши кўтарилгач, икки тангадан эмас, тўрт тангадан сотдим. Пулларни жўнатдим, эҳтиром ила дўстингиз».
Бу мактуб ва пулларни олгач, бағдодлик савдогарнинг кайфияти бузилди ва басралик дўстига мактуб битди: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳ! Мактубингизни олиб, жуда қаттиқ хафа бўлдим. Бу буғдойларни басралик биродарларимиз турмушини енгиллатиш учун юборгандим. Икки баробар нархга сотиб, мени Аллоҳ олдида катта гуноҳкор қилиб қўйдингиз. Бу гуноҳимни қандай қилиб юваман? Сиз юборган пулларни қайтариб жўнатяпман, уларни басралик бева-бечораларга тарқатинг. Мен эса тавба қилиш учун Маккага кетяпман. Сиз насибамга ҳаром аралаштириб, мени гуноҳга қолдириб, қаттиқ оғринтирдингиз. Шу боисдан сиз билан дўстлигимиз ришталари узилди. Сиз ҳам тавба қилинг, шояд гуноҳларимиз мағфират этилса...».

https://t.me/basmalatv