Get Mystery Box with random crypto!

Кредит муддатидан олдин ёпилганда(тўлиқ қайтарилганда) суғурта | 🇺🇿Bankxabar

Кредит муддатидан олдин ёпилганда(тўлиқ қайтарилганда) суғурта пулини қайтариб олиш мумкинми?

Кўплаб қарз олувчиларни битта савол қизиқтиради - кредит муддатидан олдин тўланганидан кейин у бўйича суғуртани қайтариш мумкинми?

Кредит маблағлари муддатидан олдин банкка қайтарилгандан сўнг, дарҳол суғурта тўловларининг бир қисмини қонуний равишда қайтаришга ҳаракат қилиш мумкин. Бунинг учун кредитни ёпиш жараёни тўлиқ тугатилганидан сўнг дарҳол банк билан маслаҳат қилиш керак. Бундан олдин шартномани диққат билан ўрганиб чиқиш ва суғуртага сарфланган пул миқдорини қайтариш имкониятини аниқлаш керак.

агар суғурта шартномасида кредит муддатидан олдин тўланган тақдирда суғуртани қайтариш тўғрисидаги банд бўлса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди - қарз олувчига кредитдан фойдаланиш муддатига қараб суғурта суммасининг бир қисми қайтарилади. Аммо, шартномада пул қайтарилиши белгиланмаган бўлса, унда суғуртанинг фойдаланилмаган қисмини қайтариш имконияти бўлмайди.

Айтайлик, автокредит бир йилдан сўнг тўлиқ ёпилди. Суғурта учун тўлов 4 йил учун, масалан, 4 млн. сўм миқдорида амалга оширилган. Демак, муддатидан аввал ёпилган кредит учун тахминан 3 млн. сўм миқдорида суғурта тўлови қайтарилиши керак.

Фуқаролик кодексининг 948-моддасига асосан суғурта шартномаси, агар у кучга кирганидан кейин суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимоли йўқолган ва суғурта хавфининг мавжуд бўлиши суғурта ҳодисасидан бошқа ҳолатлар бўйича тугаган бўлса, тузилган муддати келишидан олдин бекор бўлади.

Бу шуни англатадики, суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор бўлганда, суғурталовчи суғурта мукофотининг бир қисмини суғурта амал қилган вақтга мутаносиб равишда олиш ҳуқуқига эга. Кредит сўндирилган бўлса, суғурта шартномаси маъносини йўқотади, чунки суғурта ҳодисаси рўй берса у бўйича тўлов қилишнинг имкони йўқ – банк ва қарз олувчи энди мажбуриятлар билан боғланган эмас.

Шундай қилиб, агар банк хизматлари истеъмолчиси ўз ҳуқуқларини яхши билса, у суғурта суммасининг бир қисмини қайтариши мумкин, чунки қонунда банкка пулларни муддатидан олдин қайтарган қарз олувчиларнинг кредит олиш босқичида расмийлаштирилган суғуртанинг бир қисмини қайтариб олиш ҳуқуқи белгиланган.

Каналга уланиш @Bankxabar