Get Mystery Box with random crypto!

Тошкент ўзининг қимматли ҳудудларини бизнесга бериб юбормасдан | Bankvabiznes.uz

Тошкент ўзининг қимматли ҳудудларини бизнесга бериб юбормасдан ривожлантиролмайдими?

Аҳоли ва унинг саломатлиги учун шаҳар марказида ўта замонавий боғлар эмас, оддий, қулай, дарахтларга тўла ва сокин боғлар бўлгани маъқул эмасми?

Ва яна бир масала, бир боғнинг қурилиши учун бошқаси қурбон қилиниши шартми? Балки шаҳар кенгайиши, замонавий, аттракционлар учун қурилаётган боғларга чеккароқ ҳудудлардан ҳали обод қилинмаган ерлар танланиши керакдир?

Шунингдек, шаҳарнинг тоза ҳаводан нафас олишни истайдиган оддий аҳолиси учун сарлавҳадаги савол ҳам ўз жавобини топиши керак: Тошкентда яшил ҳудудлар тақдири қандай кечади? Уларга бўлган муносабат ўзгарадими?

Юқоридаги саволлар сўнгги пайтдаги яшил зоналарга бўлган муносабат туфайли актуаллашди.

Замонавий шаҳарсозликда инсоннинг табиат билан алоқаси учун зарур бўлган жойлар ҳақида унутмаслик керак. Айнан яшил ҳудудларгина одамларга шундай имкониятни бера олади. Боғлар ва дам олиш масканлари шаҳарнинг юраги бўлиб, нафақат йирик шаҳарлар, балки кичик шаҳарчалар ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Хўш, вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак?

Бу саволга жавоб топиш учун Ботир Қобиловнинг фикрларига мурожаат этамиз. Унинг тавсиялари, назаримизда, жуда ўринли бўлиб, дастлабки босқичда шуларнинг амалга оширилиши шаҳарнинг бор яшиллик ресурсларини сақлаб қолишда ва кейинчалик кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади:

Биринчи қадам сифатида биз ҳозир бўлаётган ишларни тўхтатишимиз керак: Дарахтларни кесишни тўхтатишимиз керак.

Шаҳар боғларини ёпишни, уларни савдо нуқталари, қаҳвахоналар ёки бошқа тижорат бинолари сифатида реконструкция қилишни тўхтатиш керак. Боғлар аттракционларга, пластмасса ва бетон майдонларга муҳтож эмас. Биз шаҳар боғларини ўз ҳолига қўйишимиз керак.

Яшил ҳудудлар ҳисобидан турар-жой бинолари қуришни тўхтатиш, бўш қолган ҳудудларни яшил ҳудудга айлантириш зарур.

Мавжуд кўчаларни автомобиллар учун кенгайтиришни тўхтатиш, янги кенг йўллар ва чорраҳалар қуришни қайта кўриб чиқиш зарур.

Мавжуд эски инфратузилмада ҳар қандай биноларни қуришни тўхтатиш керак.

Ниҳоят, аҳолининг хоҳиш-истакларига эътибор бермасликни бас қилиш ва ўз ҳовлиларида, кўчаларида, шаҳарларида ҳар қандай лойиҳани амалга оширишдан олдин уларни тинглашни бошлаш керак.

https://bugun.uz/2022/08/29/biz-ham-nafas-olaylik-toshkentdagi-yashil-hududlar-taqdiri-nima-boladi/