Get Mystery Box with random crypto!

Гўзал БЕГИМ БАДИИЙ МУҲР Сўзларнинг тубига чўкиш деган образл | Bahriddin Bozorov

Гўзал БЕГИМ
БАДИИЙ МУҲР

Сўзларнинг тубига чўкиш деган образли ифода адабиётимизда қўлланиб келинади. Баҳриддин Бозоровнинг ишлаган китоб муқовалари, китоб безаклари ана шундай бахтиёр чўкишни эслатади менга: сўз тубига чўкиш, ботинга чўкиш, моҳиятга чўкиш.

Баҳриддин Бозоровнинг ҳар бир китоб муқовасида, китоб ичига ишланган бадиий безакларида китоб ичига(эҳтимол, китоб тубигадир) яширинган китобни кўраман. Бу яхлитлашганда юрагингиз баъзан кўтаришга дош бермайдиган, кўзларингизнинг кўришга қуввати етмайдиган бир гўзалликни бахш этади.

Баҳриддин ака китоб безаги санъатида мутлақо янги бир йўлни бошлаб берган китоб санъаткоридир. Унинг китоб ичида ишлатган ҳатто ҳар бир рақамида жон бор, ҳаракат бор, ҳолат бор. Сўзни бу қадар ичкин ҳис қиладиган, унинг ғуссасини, ғамини бор бўю басти, сояю кўланкалари билан рангларда, чизгиларда кўрсатиб берадиган китоб санъаткорига баъзан муносиб сўз тополмай қоласан. Чунончи, агар бугун ўзбек китоб безаги санъатида китоб муқоваси ишлашда ва унинг ички безакларида янги бир силжиш, янги бир этап бошланган бўлса, унинг энг чўққисида фақат ва фақат Баҳриддин Бозоровни кўриш мумкин.

Унинг бадиий муҳрини неча чақирим олисдан бўлса-да ҳеч иккиланмай таниса бўлади. Юрагингиз, туйғуларингиз у ишлаган китобларни адашмай, қоқилмай ажратиб ола билади. Чунки унинг безаклари сўзингизнинг нораво юрак уришидан асраб қолади.

Дид ва нафис зеҳният ҳар қандай санъат эгаси учун ниҳоятда муҳим. Баҳриддин ака ишлаган китоб безакларида мен нафис дидни, мукаммал зеҳниятни кўраман. Имони, ишорани, боши берк кўчадаги туйғуларни, оғзига тиқинч ўрнатиб қўйилган ҳайқириқни, ўзани ўзгартирилган ҳислар оқимини, ҳолатларни ва уларнинг шарпасини, қоронғилик аро сингиб кетган сурурни, кўзи бойланган ҳолда гўзал манзарани кўраётган шавқни, боши айланган ички қуюнни – буларнинг ҳаммасини Баҳриддин Бозоров ишлаган бадиий безаклардан уқса бўлади, туйса бўлади, илғаса бўлади.

Баҳриддин ака, сиз ўзбек ижодкорларининг китобларида қанот ўстираётган ниҳоят нозик дидли рассомсиз. Биз сизга муносиб сўз айта билмасмиз. Бироқ юракларимиз, ҳисларимиз ва неча-неча мингинчи сезгиларимиз билан бўлса-да истеъдодингиз қошида бош эгамиз доим. Сиз ишлаган ҳар бир китоб безаги Сизни юракларда туғилтираверади.

1 июл, 2022 йил.
P.S Кечиккан туғилган кун табриги



Manba: Go'zal Begim