Get Mystery Box with random crypto!

​Вардзия мени ростдан ҳайрон қолдирди. Айтайлик, Уплисцихе унч | Bahodir Ahmedov

Вардзия мени ростдан ҳайрон қолдирди. Айтайлик, Уплисцихе унчалик зўр сақланмаган ва балки эскилиги учун соддароқ тузилишга эга эди; Ахалцихе эса реконструкция. Вардзия эса жуда зўр сақланган ва миқёси билан одамни лол қолдиради.

Бу комплекс XII-XIII асрларда машҳур гуржи маликаси Тамара ва унинг отаси Георгий III даврида қурилган. Унда черков бинолари жойлашган, шу билан бирга, у қўрғон вазифасини бажариб, Эрон ва Салжуқийлар билан чегарада жойлашган ва уларнинг ҳужумларидан мудофаага мўлжалланган. Аммо XIII асрдаги зилзила оқибатида қоянинг катта қисми ажралиб, Кура дарёсига тушиб кетган, кўп уйларнинг олди очилиб қолиб, бугунги кўринишга келган. Бунинг натижасида Вардзия қўрғон сифатида аҳамиятини йўқотиб, бундан буёғи фақат черков сифатида фаолият юритган.

Грузияда қоялар ичини ўйиб, қўрғон ва шаҳарлар яратиш анъанаси жуда ноёб ёдгорликлар сақланиб қолишига сабаб бўлган. Вардзияга чиқиб айлансангиз, тарих руҳини ҳис қиласиз: эски одамлар тор йўлаклардан ўтиб, тикка зиналардан чиқиб, сунъий ғорларда турмуш кечирганини, қаерда хумларда озиқ-овқат сақлаганини, қаерда овқатланиб, қаерда ётганини кўрасиз. Қолаверса, тоғда ўйиб қурилган уйларда ўтирсангиз, қаршингизда гўзал манзара очилади: қаршидаги ям-яшил тоғлар, Кура дарёси, салқин ҳаво, енгил ёмғир – булар одамга шоирона кайфият бағишлайди. Шунга бўлса керак, Грузияда, кўп христиан ўлкаларида бўлганидек, маданий ҳаёт черковларда яхши ривожланган, ёзма мерос сақланган.

@AsanovEldar