Get Mystery Box with random crypto!

Фолбиндан фойда бўлмади, пулимни қайтариб олсам бўладими? Қиз | Bahodir Ahmedov

Фолбиндан фойда бўлмади, пулимни қайтариб олсам бўладими?

Қизиқ мақола ўқиб қолдим. Унда мурожаатчи йўллаган саволга судъя жавоб бермоқда. Расмийлар “мурожаат бу” деб жиддий қараб жавоб беришган, лекин савол жуда қизиқ.

Савол — Бир фолбинга бориб, эримни менга иситиб бериши учун 300 АҚШ доллари бергандим. “Икки хафтада муаммоинг ижобий ҳал бўлади”, деб ваъда берганди. Лекин орадан икки ой ўтса ҳам ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Энди ўша фолбиннинг найрангига чув тушганимни англаб етяпман. Қўлимда ҳеч қандай исботим йўқ. Фақат дугонам гувоҳ бўлган. Унинг гувоҳлиги инобатга олинадими? Фолбинга берган пулимни қайтариб ололаманми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилай?

Жавоб - Жамшид Шаропов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьясидан:

— “Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, диний расм русумлар билан боғлиқ бўлган фаолият турлари билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи хужжатларсиз шуғулланиш таъқиқланади. Сизнинг ҳолатингизда, фолбиннинг хатти-ҳаракатларида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ (Фирибгарлик) жиноят аломатлари борлиги сабабли, етказилган зарарни ундириш ва Фолбиннинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш масаласида тегишли ариза билан Ички ишлар ёки Прокуратура органларига мурожаат қилишингиз лозимлиги тушунтирилади.

Фолбинга нисбатан қўзғатилган жиноят иши якуни бўйича сиз томонингиздан тўланган 300 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини ундириш чоралари, ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича суд амалга оширилади.
Фолбин билан сизнинг ўртангиздаги муносабат фуқаролик қонунчилик нормалари билан тартибга солинмайди. Агарда ўртангизда қарз олди-бердиси ёки хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқача турдаги фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар бўйича низо келиб чиққанда, судга даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз учун амалдаги “Давлат божи тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунига илова сифатида қабул қилинган “Давлат божи ставкалари”га кўра, даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўлашингиз лозим бўлади.
Фолбиннинг ҳатти-ҳаракатларида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик жиноят аломатлари бор-йўқлигига тегишли тартибда баҳо бериш учун гувоҳ сифатида дугонангиз кўргазмалари инобатга олинади.

Фуқаролик қонунчилик талабларига кўра, юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари, шунингдек, фуқаролар ўртасидаги белгиланган БҲМнинг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса битим суммасидан қатьи назар, бошқа битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши лозим. Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ низо чиққан тақдирда тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга қиритиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра, содир этилган қилмиш учун жавобгарлик белгиланган. Масалан, мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганлик учун БҲМнинг 50 бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган бўлса, тўртинчи қисмидаги қилмиш учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди”.

@bahodirahmedoff