Get Mystery Box with random crypto!

Бой берилган фойда ФК нинг 14-моддаси 2-қисмига кўра бой бери | Bahodir Ahmedov

Бой берилган фойда

ФК нинг 14-моддаси 2-қисмига кўра бой берилган фойда деганда шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари тушунилади.

Масалан, сиз автомашингизни шартнома асосида ижарага бериб, ойига икки миллион сўмдан ижара ҳақи оласиз. Автомашина ЙТҲга учраб, жарима майдончасига олиб кириб қўйилди. Мазкур ҳолатда автомашинага етказилган зарар ҳақиқий зарар ҳиосбланади. Автомашина то таъмирланиб, ўз ҳолига келгунга қадар ўтган вақт учун сиз ололмай қолган ижара ҳақи бой берилган фойда ҳисобланади.

Бу ҳолатда ҳақиқий зарар маъмурий ёки жиноят иши доирасида чиқарилган суд қарори ёки ҳукми билан сизга ундириб берилиши мумкин. Шундан кейин сиз фуқаролик ишлари бўйича судга бой берилган фойдани ундиришни сўраб мурожаат қилсангиз бўлади.

Жуда кўп ҳолларда бой берилган фойдани ҳисоблаш имконсиз бўлиб қолади. Лекин ҳаракат қилса бўлади.

Масалан, Uz Аvto Motors шартномада белгиланган муддатда автомашинани етказиб бермаганлиги учун судга бериб, агар автомашинани вақтида етказиб берганда, ижарага бериб ҳар ой учун уч миллион сўмдан ижара ҳақи олган бўлардим деб, икки ой учун олти миллион сўм бой берилган фойдани ундириб беришни талаб қилсангиз, суд талабингизни рад қилиши мумкин.

Лекин автомашина сизга кечикиб етказиб берилгандан кейин уни қонуний расмийлаштирилган ижара шартномаси асосида ойига уч миллион сўмдан ижарага бериб, 3-4 ой ижара ҳақини олиб, шу ҳужжатларни қўшган ҳолда суддан бой берилган фойдани ундириб беришни сўрасангиз, суд талабингизни қаноатлантириши мумкин.

Чунки иккинчи ҳолатда сиз янги автомашинани ижарага бериб ҳақиқатда даромад олганингизни тасдиқловчи далиллар мавжуд. Суд ушбу далиллардан келиб чиқиб автомашина сизга ўз вақтида етказиб берилганда олишингиз мумкин бўлган фойдани ҳисоблаши мумкин бўлади.

Манба

@bahodirahmedoff