Get Mystery Box with random crypto!

​Президент собиқ маслаҳатчиси Абдувоҳитовнинг топшириғи билан | Bahodir Ahmedov

Президент собиқ маслаҳатчиси Абдувоҳитовнинг топшириғи билан бўшатилган ходимлар ишга тикланди. Ноқонуний буйруқ бекор қилинди

Бугун менинг адвокатлик тажрибамда жудаям қизиқ суд мажлиси ўз ниҳоясига етди. Гап шундаки, 2021 йил 6 июлда Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев ва Комплеанс, ички аудит ва молиявий назорат хизмати бошлиғи Бахтиёр Хажихановларни ишдан бўшатилади. Ишда бўшатишга асос сифатида Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Абдувоҳитовнинг оддий кўрсатма хати. Хат ҳам қизиқ. Кўп нарса ёзилмаган, шунчаки мазмунан фалончи фалончиларни ишдан бўшатиб юборинглар дейилган.

Вазирлик бу хатни олиб Меҳнат кодексининг 106-моддаси 6-банди билан “қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар”да деган пункти билан ишдан бўшатиб юборган. Қойилмисиз? Меҳнат қонунчилигида бошқа асос топилмагандан кейин вазирлик мажбур шу бандни қўллаган. Ахир, "госсоветник"нинг хати турибди-ку.

Қонун нима дейди?

"Қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар"да деган жойига маслаҳатчининг хати тушадими? "Норматив-ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида"ги Қонун 7-моддасида қонун хужжатларига Конституция, қонунлар ва Олий Мажлис палата қарорлари кириши кўрсатилган. Қарангки, қуйи судлар маслаҳатчисининг хатини қонунга тенглаштириб қабул қилган ва тўғри бўшатилган деб топган. Ҳусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро суди судьяси И. Қурбонбоев ва фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан бу хатни қонунга тенглаштириб қўйган. 106-модда 6-қисми бўйича тўғри бўшатилган деб топган. Қизиқ а? Ушбу масалада YURISTKADR Саидали ака бир неча марталаб танқидий чиқишлар қилган ва биринчи инстанциядан бошлаб ўз муносабатини билдириб келган.

Кассациядаги адолат

Лекин бугун ушбу масала Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича кассация судлов ҳайъати: раислик қилувчи О. Қодиров ва ҳайъат аъзолари И. Болтаходжаева, Ж. Тиркашев томонидан кўриб чиқилиб адолатли қарорга келинди. Муҳаммадиев ва Хажиханов ўз ишига тикланиши, ноқонуний буйруқ бекор қилинди, мажбурий прогул ва маънавий зарарлар ундирилиши белгиланди. Адолат қарор топди!

Сигналлар

Бу суддан мен бир неча сигналлар кўрдим. Биринчидан, Олий суднинг янги раиси келгани боис аввало қонунийлик таъминланишига қўрқмай эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Ҳалилилло Тўрахўжаев раислигидаги Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида қонунни қўллаш масаласида етарлича журъат мавжуд ва одил судловни таъминлашда жонбозлик етарли. Иккинчидан, Президент администрациясининг янги раҳбарияти ҳам судлар мустақиллиги, ҳуқуқий давлат принципларини ҳурмат қилади.

Ҳуқуқий давлатда фақат қонунларга эътибор қаратилади. Яшасин адолатли суд! Яшасин судлар мустақиллиги ва қонунийлик!

@bahodirahmedoff