Get Mystery Box with random crypto!

Ажрашиш маданияти Бизда ажрашиш маданияти йўқ. Номидан кулгил | Bahodir Ahmedov

Ажрашиш маданияти

Бизда ажрашиш маданияти йўқ. Номидан кулгили туюлар, лекин буни ҳам ўз маданияти бор. Бундай маданият йўқлигидан фақат ва фақат болалар азият чекишади.

Ажрашиш жараёни бошланди дегани бизда бу оила икки фронтга ажралди дегани. Келин ва куёв томон бир-бирига қарши уруш эълон қилади. Икки томондан ҳам барча қариндошлар сафга тизилади. Урушқоқ қариндошлар махсус гуруҳи, амма-холалар десантураси сафарбар қилинади. Ултиматумлар оғир қўйилади, дипломатик миссиялар кор қилмай қолади. Судга лашкар тортиб боришади. Иложи борича томонлар бир-бирини айбларини охирги қисмигача очиб ташлашга ҳаракат қилишади. Икки томон ҳам ғалабага интилади. Аммо бунда ғалаба йўқ. Оиладан парда кўтарилган, энди у тикланмас даражага келган.

Эр-хотинларнинг аксарияти шундай пайтларда энг разил ишлардан фойдаланишади. Болаларнинг ишончини суистеъмол қилиш ва рақибга қарши қайраш... Она отани ёмонлайди, ота эса онани... Ўртада ҳали гўдак бўлган, дунёқараши тўлиқ шаклланмаган, психикаси мўрт болага кўтаролмайдиган юкни ташлашади. Руҳий махинациялар қўллашади.

Мен ривожланган жамиятларда эр-хотин ажрашиб ҳам оилавий кўришиб туришларни, болаларни отаси (онаси) билан монеликсиз учрашишларини кўрдим. Албатта собиқ эр-хотинлар орасида меҳр қочган, лекин болалар учун улар бир-бирига кўнишади ва муҳим кунларда ёнма-ён туришади. Брюс Уиллис ва Деми Мур тинчгина ажрашишди. Ҳаттоки собиқ эрида деменция диагнози қўйилганда Деми Мур оиласини тиклади ҳам. Актёр Тоби Магуайр ва дизайнер Женнифер Мейер ажрашишдан сўнг фарзандлари учун дўстона алоқалар сақланиб қолишини эълон қилишди.

Бизда эса ажрашаётганларда ур-тўполон, олатасир.... Шунинг учун ажрашиш ўлимдан ҳам қўрқинчли туюлади.

@bahodirahmedoff