Get Mystery Box with random crypto!

180 та хонадонга туман ҳокимининг байрам табрикномаси ҳамда эс | Бағдод тумани ҳокимлиги (расмий)

180 та хонадонга туман ҳокимининг байрам табрикномаси ҳамда эсдалик совғалари етказилди

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” эзгу ғоясини ўзида тўлақонли акс эттираётган бу йилги Мустақиллик байрами миллионлаб қалбларга сурур олиб кирмоқда. Эътиборлиси, байрам кунларида турли соҳаларда самарали фаолият юритган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган нуронийларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб, ижобатли дуоларидан баҳраманд бўлиш Бағдод туманида кенг тус олаётир.

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими ташаббуси билан бугун 180 та хонадонга туман ҳокимининг байрам табрикномаси ҳамда эсдалик совғалари етказиб берилди. Табрикномада, жумладан, шундай дейилади:

“Яратганнинг меҳрибон нигоҳи тушган ва раҳмат нурлари ёғилиб турган жаннатмакон Ватанда яшаётганимиз сиз-у бизнинг энг олий бахтимиздир. Шундай бахтни ҳадя этган энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллик айёми билан сизни чин дилдан муборакбод этамиз.

Сизга мустаҳкам саломатлик, хонадонингизга тинглик, барака тилаймиз. Обод юртимизнинг озод инсонлари қадри баланд, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз абадий бўлсин!

Ҳурмат билан, туман ҳокими: Ю.Хусаинов.”


- Йўқловимиздан онахонларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Юртимиздаги ўзгаришлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар учун муҳтарам Президентимизга кўпдан-кўп раҳматлар айтилди. Туманимиз раҳбарлари ҳамда халқимиз ҳаққига дуолар қилинди, - дейди туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Тўлқиной Тожиева.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.