Get Mystery Box with random crypto!

Якка-ёлғиз фуқаронинг уйи таъмирлаб берилди. Энди томорқасида | BAG'DOD TUMANI HOKIMLIGI

Якка-ёлғиз фуқаронинг уйи таъмирлаб берилди. Энди томорқасида боғ ташкил қилинади

Бағдод тумани Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Шавкатжон Маъмуровнинг ташаббуси билан, дўрманчалик ижтимоий ҳимояга муҳтож Ҳошимжон ака Аҳмедовга тегишли ҳовли-жой таъмирланиб, маданий кўринишга келтирилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари қарийб 10 кун давом этди.

- 2 нафар қизимни узатганман, тез-тез хабар олиб туришади. Аёлим билан ажрашгач, охирги пайтларда якка ўзим анча қийналиб қолдим. Худога шукр, Шавкатжоннинг ёрдами билан уйим эпақага келиб, яна қайта файз кириб қолди. Қўлигул усталар экан, барака топишсин, - дейди уй эгаси Ҳошимжон ака.

Ташаббускорларнинг айтишича, хонадон соҳиби кўп йиллар давомида томорқадан жўяли даромад ололмаган. Томорқа - даромад манбаи эканини яхши англаган Шавкатжон Маъмуров бу ҳақда шундай дейди:

- Бир қарич ердан ҳам самарали фойдаланишимиз, йилда бир эмас, уч-тўрт марта ҳосил олишни ўрганишимиз керак. Кўпчилик аҳоли дўппидай томорқага зор, лекин айримлар тайёр ернинг қадрига етмайди. Шуни ҳисобга олиб, Ҳошимжон аканинг томорқасини яхшилаб шудгорладик. Эрта-индин 50-60 туп эртапишар шафтоли кўчатларидан опкелиб, экиб ҳам берамиз, мўъжазгина боғ ташкиллаймиз. Мақсад - оила доимий даромад манбаига эга бўлсин.

Маълумот учун: Бағдод тумани ҳокимлиги, маҳалла жамоатчилиги ва бошқа кўнгилли ташаббускорлар кўмаги билан декабрь ойининг ўзида 60 дан зиёд эҳтиёжманд оиланинг ҳовли-жойи таъмирлаб берилади.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.