Get Mystery Box with random crypto!

Қурбонлик Қурбонликнинг маъноси нима? - Аллоҳ таоло учун бўғи | AZIZON.UZ

Қурбонлик

Қурбонликнинг маъноси нима?
- Аллоҳ таоло учун бўғизланадиган ҳайвон.

Қурбонлик қандай кишига вожиб?
- Ўз ҳожатидан ортиқ кумуш нисоби микдорича моли бор бўлган бой кишига вожиб бўлади.

Қурбонлик қайси вақт сўйилади?
- Қурбон ҳайити куни, яъни зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида қурбон ҳайити намози ўқилгандан сўнг сўйилади.

У кунда сўйилмай қолса, нима бўлади?
- Ўн биринчи ёки ўн иккинчи зулҳижжада сўйилса ҳам дуруст бўлади.

Ўн учинчи куни сўйилсачи?
- Дуруст бўлмайди, чунки ўн иккинчи зулҳижжада қуёш ботгандан кейин қурбонлик сўйишнинг вақти чиқади.

Қурбонликни кечаси сўйса бўладими?
- Йўқ, бўлмайди, макруҳ бўлади.

Бир киши ўн биринчи ва ўн иккинчи зулҳижжада қурбонликни сўя олмай қолса, нима қилади?
- Қурбонлик учун олган ҳайвонни ёки ўша ҳайвон баҳоси микдорича садақа қилади.

Қурбонликка қандай ҳайвонларни сўйса бўлади?
- Қўй, эчки, сигир, туя каби туёғи ёриқ ҳайвонларни қурбонликка сўйиш дуруст.

Товук, ғоз ва отга ўхшаш ҳайвонлардан қурбонлик қилса бўлмайдими?
- Дуруст бўлмайди.

Қўй, эчки неча киши учун қурбонликка кифоя қилади?
- Ҳар бири бир киши учун кифоя қилади.

Сигир, туя неча киши учун қурбонликка кифоя қилади?
- Бир кишидан то етти кишигача.

Етти киши жам бўлиб бир сигирни қурбонлик қилсалар, гўштини қай тарзда бўлиб оладилар?
- Тарози билан ўлчаб оладилар.

Қурбонликнинг териси нима қилинади?
- Фақирларга берилади ёки сотиб пули садақа қилинади.

Терини масжид имомига берса бўладими?
- Агар фақир бўлса, берса бўлади.

Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштини нима қилади?
Фақирларга улашади ва зиёфат қилади ҳамда ўзининг оила аъзоларига улашади.

Қурбонликни ким бўғизлайди?
- Қурбонлик қилган киши бўғизлашни яхши билса, ўзи бўғизлайди, қўлидан келмаса, бошқа бир кишига сўйдиради, ўзи устида дуо қилиб туради.

Қурбонлик қилинадиган қўй ёки эчки неча ёшли бўлиши керак?
- Бир яшар бўлиши керак.

Олти ойлик қўйни қурбонлик қилса, бўладими?
- Агар ўша қўй семиз ва жуссаси бир яшар кўйнинг жуссасидек катта бўлса, дуруст бўлади.

Қурбонлик бўладиган сигир ёки ҳўкиз неча яшар бўлмоғи керак?
- Икки яшар.

Туя неча яшар бўлмоғи лозим?
- Беш яшар.

Қандай ҳайвонлар қурбонликка ярамайди?
- Ниҳоятда ориқ, юролмайдиган, оқсоқ, қулоғининг ёки думининг учдан биридан ортиқроқи кесик бўлган ҳайвонлар, бир ё икки кўзи кўр, оғзида ҳеч бир тиши қолмаган ҳайвонлар қурбонликка ярамайди.

Қурбонлик учун кайси ҳайвонлар афзалрок?
- Оқ ёки кўк рангли катта шохли, аъзоси саломат, семиз қўчқор афзалдир. (Ибодати Исломия китобидан)

Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube