Get Mystery Box with random crypto!

ҚИСҚА  ЙЎЛ Бир танишим у билан касалхонага бирга бориб келиши | АZAN UZZ

ҚИСҚА  ЙЎЛ

Бир танишим у билан касалхонага бирга бориб келишимни илтимос қилди. Очиғи, бу таклиф менга унчалик ёқмади. Бугун улфатлар билан ўтиришимиз бор эди. Улфатлар билан мазза қилиб, бир отамлашмоқчи эдик. Аммо бу танишимга йўқ дейиш ноқулай бўлади. Чунки унинг оилавий аҳволидан яхши хабардор эдим.”Улгурарман, зиёфатга ҳам” дея рози бўлдим!

Ҳа, унга қийин эди: бир томондан касал онаси...бир томонда ёш болалари....ва касал ётган аёли.

Биз унинг шифохонадаги аёлидан хабар олгани йўлга чиқдик.

Шифохона атрофида одам кўп. Ҳамма ўз яқинидан хабар олиш учун келган.
Мен ҳам танишимни ташқарида кутиб турадиган бўлдим.

Касалхона биқинидаги ўриндиқда ўтирибман. Шу тоб бошига дўппи кийган, маҳзун бир отахон ёнимга келиб ўтирди. Унга салом бердим. У бош силкиганча алик олди. Тушундим: бошига мусибат тушган...

Танишимдан дарак йўқ, вақт эса ўтиб борарди. Мен зиёфатга улгуришим керак эди. Мени бу ерга судраган танишимдан шу қадар жаҳлим чиқдики!....

Шу пайт ёнимда ўтирган отахон бирдан йиғлаб юборса бўладими?! Мен уни юпатишга тушдим:

– Отахон, нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? – деб сўрадим.

У индамади. Аммо кейин кўз ёшини артиб аста жавоб қилди:

– Ўғлимнинг зиёратига келгандим болам! Шунга кўзимга ёш келди! Ўтиб кетади...

Ана энди масала бир оз ойдинлашди. Демак, анави ерда, шундоқ йўлнинг нариги томонида қабристон бор экан-да! Мен бу ерда туғруқхона борлигини билардим-у, аммо қабристон борлигини энди кўрдим!

Шу тоб бир хаёл миямга урилди:

“Тавба! Бир томонда туғруқхона, Бир томонда қабристон! Астағфируллоҳ! Ўртада эса мен. Инсон умри бунча қисқа йўл бўлмаса! Туғруқхонадан чиқиб тўғри қабристонга йўл оламиз! Умр ҳам аслида шу бир қисқа йўл! Биз еса шу қисқа йўлга ҳам чидамай, улкан гуноҳлар қилиб қўямиз! Тавба! Ё алҳазар!..”

Зиёфатга эса бормадим.

Шерзод Ҳайдарбеков

T.me/AZAN_UZZ