Get Mystery Box with random crypto!

Жуфти ҳалолим ( ) Орадан икки ҳафта ўтиб ота уйимга бордим. | АZAN UZZ

Жуфти ҳалолим

( )

Орадан икки ҳафта ўтиб ота уйимга бордим. Тўкин дастурхон. Онам ош дамлабдилар. Дадам бунақа ошни "битта гуруч, битта гўшт" деб атайдилар. Ўн беш кун бўлибди ҳали ош дамламабман. Иштаҳа билан ер эканман, беихтиёр
—Бизнинг уйда гўшт йўқ, бунақа овқатлар ҳам йўқ,-дедим. Дадам бироз сукут сақлаб вазмин, аммо қатъий гапирдилар
— Назокат, энди ўша уй-сенинг уйинг. Тош келса, кемирасан, сув келса симирасан. Нима етишмовчилик, кўнгилсизлик бўлганда ҳам бизга келиб айтмайсан!
Оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолди.

Уйга бир товоқ овқат, ярим тоғора сомса, тўртта патир, бир талай пишириқлар билан қайтдим. Кечқурун мулоакам, овсиним, уларнинг уч ёшлик ўғли, турмуш ўртоғим билан бирга ўтириб овқатландик.
Мен бой одамнинг қизи эмасдим, аммо меҳнат билан дастурхонимиз бадастир эди.
Турмуш ўртоғим мен келин бўлишимдан сал олдин бировнинг озиқ-овқат дўконига сотувчи бўлиб ёлланган экан. Ҳар кеч уйга қўйни-қўнжини тўлдириб егуликлар келтирар, бир уй одам қаердан келганини суриштирмай паққос туширардик. Аммо кўнглимнинг туб-тубида ғашлик бор эди. Аъзамхўжа ака ҳисоб-китоб қилмас, дадамнинг таъбири билан айтганда пулни "бебилиска" ишлатарди.
Халқимиз доно-да. "Қайноналик келин—қарқара келин, қайнонасиз келин—масхара келин", деб бекорга айтмас экан. Овсиним шу ҳаётга кўниккан: истаса ётади, истаса туради. Истаса иш қилади, истамаса йўқ. Тўғри-да, мушугини пишт дейдиган одам бўлмаганидан кейин. Боласининг кирлари ҳам ҳафталаб йиғилиб ётади. Онам кир тўплаганни ёқтирмас, пеш тушганни пеш ювдирарди. Кўриб ғашим келади. Шартта туриб ювиб ташлай дейману, яна ғурурми, нимадир, ҳалақит беради.

Муллакамнинг тайинли иши йўқ. Ёлланма иш бўлса, бир ҳафта, икки ҳафта қаергадир бориб кафел териб келадилар, иш чиқмаса шу ҳам йўқ. Пул топиб келган куни овсиним билан айланиб келадилар. Янги келинлигимда уйнинг орқасидаги катта қоп тўла "Тушёнька", "Скумбрия", "Кильки" деб ёзилган бўшаган консерва банкалари, "Доширак", "Ролтон" нинг елим, қоғоз қутиларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаганман.
Мен ўзим яшаган муҳитдан, умуман, тескари шароитда яшайдиган жойга келин бўлиб тушган эдим.
Овсинимдан ёшим катта бўлса ҳам ҳурмат талаб қилмасдан ишларни қўлга олдим. Сабаби оилада ёлғиз қиз бўлган Наргиза овсиним отасиз катта бўлган, эркаликда ўсган қиз эди

Аввало, турмуш ўртоғимга катта бозорлик рўйхатини тузиб бердим. Уйимизда ҳамма нарса қоплаб харид қилинар, ёғлар омихта қилиниб алюмин флягада, унлар ёғоч бочкада, картошка-пиёз ертўлада, сабзи ўрада, олма-анорлар яшикларда сақланарди. Янги уйимда баъзида оддий туз ҳам бўлмаслигини ақлимга сиғдиролмас эдим.

Аъзамхўжа акам каттагина бозорлик қилиб келдилар. Энди бир маҳал бўлса ҳам иссиқ овқат тайёрлар эдим. Овсинимни қанча рағбатлантимай, меҳнатга бўйни ёр бермас эди. Сингилларимни, укамни ҳашарга чақириб ҳовли-жойларни эпақага келтириб олдик. Дарахтлар, гул кўчатлари экдик. Ҳовлига файз киргандек бўлди. Укам ҳайҳотдек ҳовлининг бурчагига товуқхона қуриб берди, ойим ўзи очирган жўжаларининг товуқларидан битта хўроз билан қўшиб олиб келдилар.
Шу орада Наргизанинг онаси оғирлашиб, тўшакка михланиб қолди. Аёлни қаровсиз қолдирмаслик учун муллакам оиласи билан қайнонасиникига бутунлай кўчиб кетди. Аммо акасига
— Қачон пул топсангиз, ҳовлидан меросимни ажратиб берарсиз!—деб хайрлашди. Энди мен кенг уйнинг келинчаги эдим.
Баҳор тугаб ёз келиш арафасида эди.Кун исиб кетган. Туш бўлмасидан томорқадаги ўтларни юлиб дадам олиб берган қўзичоқларимга олиб кетаётган эдим, дарвоза очилиб, Аъзамхўжа акам кириб келдилар. Югуриб ёнига бордим. Салом бердим. Эшитмагандек уйга кириб кетдилар. Тўғри ётоғимизга бориб, кийимларини ҳам алмаштирмай ётиб олдилар. Гап йўқ, сўз йўқ!
—Нима бўлди?—юрагим зирқираб сўрадим.
-—Ҳеч нарса сўрама!
Сўрамадим. Айрон олиб келдим.
—Райҳон солганман, ичинг, юрагингиз тафтини олади.
Катта косадаги муздек айронни битта симиришда ичиб яна сўради. Яна келтмрдим.
—Назокат, ҳовлини сотамиз! —дедилар дабдурустдан.
—Нега?
— Сотамиз, тамом вассалом.
—Майли, ҳовли сизники, ихтиёр сизда!

Феруза Салходжаева

Давоми бор

T.me/AZAN_UZZ