Get Mystery Box with random crypto!

ТОНГДАГИ ЎЙЛАР Кўзингга нур тушиб уйғонадирсан, Нелар деб ши | Аъзам ЎКТАМ шеърлари

ТОНГДАГИ ЎЙЛАР

Кўзингга нур тушиб уйғонадирсан,
Нелар деб шивирлар милтираган шам.
Билмай не қиларинг тўлғонадирсан,
Хазон бўлган боғнинг хонишин тинглаб.
Қайси тун йиқилган номсиз юлдузни
Санчиқ босган қалбда кўрасан бу чоқ.
Қарасанг, тобора оғритар кўзни
Сурбетлар топтаган нотавон тупроқ.
Гуп этиб чўкади бир кўҳна қабр,
Ёмғир қуяр, совуқ шамол кезади.
Ёдингга тушади чекканинг жабр,
Эл тортган азоблар баттар эзади.
Тегрангга боқасан оғриниб, ранжиб:
«Мен бунча нотавон, бунчалар ожиз?
Наҳот ўтолмайман душманни янчиб,
Наҳот у мангу соғ, ғолиб, шод, юзсиз?!»
Қўзғалдим, томирда тирилди исён,
Чекинди малолат, шубҳа ва ғулув.
Менинг нақ кўксимда урарди туғён
Қалин муз остидан оқаётган сув.

1988
Аъзам Ўктам