Get Mystery Box with random crypto!

- Ўнта иссиқ нон олдим, Қанд-қурс, гўшт, ёғ, чой олдим. Ўғлимн | Аёл оламни тебратар

- Ўнта иссиқ нон олдим,
Қанд-қурс, гўшт, ёғ, чой олдим.
Ўғлимникига бордим,
Вой-вой, боламнинг пули.

Келин қони эмиш кам,
Олдим қора кишмиш ҳам.
Ҳарна ўғлимга ёрдам,
Вой-вой, боламнинг пули.

Ўтириб дуо қилдим,
Ажаб манзара кўрдим.
Тилим қотиб, лол бўлдим,
Вой-вой, боламнинг пули.

Кўрайин деб ичини,
Очсам совутгичини.
Бир тил ачиб турибди,
Вой-вой, боламнинг пули.

Бир қоним камайганда,
Ўғлим тил енг деганда,
Обкеб бер, демабман-а,
Вой-вой, боламнинг пули.

Моғорлаган бурда нон,
Тугилган бир дастурхон.
Кошки топилса арзон,
Вой-вой, боламнинг пули.

Тўртта нон олиб келса,
Сенга осонми дея,
Қайтаргим келардия,
Вой-вой, боламнинг пули.

Гўшт олиб келган куни,
Дуолар қилиб уни,
Берсам дердим пулини,
Вой-вой, боламнинг пули.

Газида ўчмас олов,
Сабабсиз ёнар лов-лов.
Назорат қилмас биров,
Вой-вой, боламнинг пули.

Йўлак ҳожатхонада,
Чироғи ўчмас сира,
Деёлмам менга нима
Вой-вой, боламнинг пули.

Ўғли тинмасдан кунда,
Гап сотади телефонда.
Тўлов отасидан-да,
Вой-вой, боламнинг пули.

Сув ҳисоблагич гув-гув,
Айланиб кетганда сув.
Юрагим йиғлар дув-дув,
Вой-вой, боламнинг пули.

Қизи чўмилсами бас,
Олти соат ҳеч чиқмас.
Нилнинг ҳам суви етмас,
Вой-вой, боламнинг пули.

Она мақтанадилар,
Қизим хўп покизалар.
Уволни айтмайдилар,
Вой-вой, боламнинг пули.

Олти соатда бари
Миср эҳромларини,
Чўмилтирса бўларди.
Вой-вой, боламнинг пули.

Болам қилтиллаб жони,
Боқади шунча жонни.
Оҳим тутар жаҳонни,
Вой-вой, боламнинг пули.

Исрофгар бўлган одам,
Шайтон  дўстидир ҳар дам.
Шайтон жойи жаҳаннам,
Вой-вой, боламнинг пули.

Кўрмай қўя қолай-я
Куймай қўя қолай-я
Ўз уйимга борай-я
Вой-вой, боламнинг пули.

Марҳабо Каримова