Get Mystery Box with random crypto!

Баддуо (Бўлган воқеа) Болалигимиздан бирга яшаган қўшнимиз б | Аёл оламни тебратар

Баддуо

(Бўлган воқеа)

Болалигимиздан бирга яшаган қўшнимиз бор эди. Аслида жуда яхши қўшни эди. Унинг болалари ва бизлар катта бўлганимиздан сўнг (нимадан эканлигини билмайман) ўртага совуқлик тушди. Онам: "Сизлар боласизлар! Салом беришда давом этаверинглар! Салом билан бир жойинглар камайиб қолмайди", деб бот-бот уқтирардилар. Қачон у қўшнимизни кўрганимизда салом берсак, энсаси қотиб алик олар эди. Биз яхшиликда бардавом бўлдик. Лекин улар адашдилар. Мен ва укам уйли-жойли бўлиб кетганимиздан сўнг, қўшнимизнинг зулми кучайиб кетди. Онам содда аёл бўлганлари учун қўшни билан сан-манга бормадилар. Нима деса ҳам, индамай ютиб юравердилар.
Қўшнимиз неварасини тепа қатдан ушлаб сийдиришини, сийдиги келиним ювиб осган кийим-кечакларнинг устига сачраб тушаётганини, ахлатларини эшигимиз тагига тўкиб кетаётганларини хафа бўлиб, кўп айтар эдилар. Сўнг: "Майли, қўшним индамайман. Лекин Худо бор", дер эдилар мунгли. Орадан озгина вақт ўтиб, қўшнимизнинг навқирон ёшдаги эри вафот қилди. Лекин улар тавба қилмадилар.
Бир куни онам кўчада келаётсалар, қўшнимнинг ёшгина қизи онамга қараб: "Рўмолингга бўғилиб ўл!", деб ўтиб кетганини, онам хафа бўлиб гапирдилар. Биз: "Гапирмадингизми, индамадингизми?", дедик ғазабланиб. "Йўқ, майли. Худо бор!", дедилар. Лекин қаттиқ хафа бўлган эдилар. Аллоҳнинг қудрати билан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, қўшнимизнинг ягона, эркатой ўғли бўйни узулиб, бўғилиб ўлди. Жуда ёш эди. Жаноза куни онам: "Чиқмайман!", деб туриб олдилар. Мен тушунтириб: "Она чиқишингиз керак барибир! Ёмон бўлгани билан, яқин қўшнимиз. Чиқмасангиз эртага бошқаларга яна гап қилади. Ҳеч нарса бўлмагандек чиқиб, кўнгил сўраб келинг", дедим. Онам ўзларини мажбурлаб чиқиб, бироздан кейин қайтиб келдилар. "Рўмолимни масхаралаган қизи ҳам, бошига рўмол ўраб олибди", дедилар маъюс.
Қўшнимиз тилига эрк бериб, кўп нарса йўқотди. Бўлар-бўлмас қилган баддуолари Роббимнинг изни билан ўзига урди. Билмади-ки, ноҳақ қилинган қарғишлар эгасига қайтарилишини.

Зулфия Махмуд