Get Mystery Box with random crypto!

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди. Энди ҳар куни шом на | Аёл оламни тебратар

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди.

Энди ҳар куни шом намозининг азонидан бошлаб Рамазон ойининг сўнгги кунида қуёш чиққунигача

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

"Аллоҳумма, иннака ъафуввун, туҳиббул-ъафва фаъфу ъанний" ("Эй Аллоҳ, дарҳақиқат Сен афв қилувчисан (кечирувчисан), афв этишни яхши кўрасан. Шунинг учун мени афв эт") дейишни кўпайтиринг.

Бир сонияни ҳам беҳуда ўтказманг, бу дуони қайта-қайта такрорлашдан чарчаманг. Чунки Аллоҳ сизни афв этса, нажот топасиз, машаққатлардан қутуласиз, бахтиёрлардан бўласиз.

Ибнул Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: "Агар дуо қилаётган бўлсангиз-у, вақтингиз зиқроқ, қалбингизда эса сўрайдиган ҳожатларингиз бисёр бўлса, бор дуоингизни Аллоҳдан афв сўрашга қаратинг. Зотан, У сизни афв этса (гуноҳларингизни кечирса), сўрамасангиз ҳам барча ҳожатларингизни юзага чиқариб қўяди.

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

"Аллоҳумма, иннака ъафуввун, туҳиббул-ъафва фаъфу ъанний".

Бу дуонинг маъносини ҳис қилинг:

• тананинг афви – барча касалликлардан тузалишингиз;
• диннинг афви – яхши амалларга, тоат-ибодатга, охиратда фойда келтирувчи ишларга йўллаб қўйилишингиз;
• охиратнинг афви – қилган гуноҳу маъсиятларингизни Аллоҳ кечириб, ўтиб юбориши, улар учун сизни азобламаслиги...

"Афв" сўзининг араб тилидаги маъноларидан бири "кўпайиш", "ортиш" демак. Масалан, "мол-дунёнинг афви" унинг кўпайишидир. Бунга далил:

وَیَسۡـَٔلُونَكَ مَاذَا یُنفِقُونَ قُلِ ٱلۡعَفۡوَ

"Сиздан (эй Муҳаммад) нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. "(Ўзингиздан) ортганини", деб жавоб қилинг!" ("Бақара" сураси, 219-оят)

Демак, Аллоҳнинг афви сизга сўраган нарсангизни ҳам, ундан ортиғини ҳам беришига сабаб бўлади.

Шундай экан, Аллоҳдан афв сўрашни кўпайтиринг. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга ўргатган бу дуо* бошқа ҳар қандай дуодан афзал саналади.

  Термизий (3513), Ибн Можа (3850). Саҳиҳ ҳадис.