Get Mystery Box with random crypto!

#ЭРАМ Мен ундан бу гапларни сўрадимми ? Менга нима эди ? А | Аёл оламни тебратар

#ЭРАМ

Мен ундан бу гапларни сўрадимми ? Менга нима эди ? Авваллари ойижоним учун куярдим. Энди эса менга барибир . Баттар бўлмайдими ? Менга деса қаторлаштириб туғиб ташласин. Истаса ўнта туғсин. Бунинг менга қизиғи йўқ. Дадамлар учун ҳам қизиқмайман. Кетганда ойижонимни ёш жонлари кетди.
Саид Исмоил акам ҳам дадамга жуда ўхшайдилар. Қизиқ улар ҳам эрта бириси кун менга ҳиёнат қилармиканлар? Қилсалар керак... Ахир етти йил деганда ҳам уларга бир "тирноқ" хабарини бера олмадим.
Улар эса бу борада менга ҳеч қачон таъна қилмадилар. Аммо бу қачонгача ? Тўғри ҳали ёшмиз. Биз тенгиларнинг кўпи турмуш қуришгани йўқ. Аммо вақти келиб Саид Исмоил акамнинг ҳам "Фарзанд қучгиси , бола эркалагиси келмайди" деб ким кафолат беради? Ана укалари Абу Бакр аканинг тўйи бизнинг тўйдан уч йил ўтиб бўлган бўлса ҳам овсинчам Зарнигор аллақачон икки фарзандни дунёга келтириб бўлди . Айтишларича Зарнигор "Шу кунларда яна еган - ичганини" ташлаб юрганмиш.
Уфф...
Бу хаёллар бир куни мени адо қилмаса бўлгани эди...
Аммо бир нарсани аниқ биламан. Саид Исмоил акамни бой беришдан кўра менга ўлим афзал.
Мен уларни биров билан бўлиша олмайман . Шу сабаб ... Шу сабаб энг охирги таҳлил натижаларини уларга айта олмаяпман. Ахир бефарзандлигимизда айб уларда эмас , менда эканлиги қандай тан оламан ?
Шу вақтгача шифокорлар қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келишди . "Ноумид бўлманг , бари Аллоҳдан. Бир куни албатта фарзандли бўласиз" деган ёлғон яшиқ гаплар билан пулимизни жарақлатиб санаб, шилиб олишаверди. Бироқ галдаги шифокор ростини айтди :
"Ёлғон гапиргани Худодан қўрқаман . Озгина имкон бўлганда ҳам умид билан ишга киришган бўлардим. Аммо сизда фарзандли бўлиш имкони нолга тенг. Мени кечиринг" деди .
У яна айтди- ки ... Айтди- ки... Саид Исмоил акамда бу имкон юз фоизга тенг эмиш..."

Гавҳархон бор гапни ҳеч қачон Саид Исмоилга айтмади . Уни йўқотишдан қўрқди .
Бироқ шу билан бирга ўзини ич- этини еб адо-и тамом қилди . У ҳуда - беҳудага жанжал кўтарар , Саид Исмоилни рашк қилиб дунёни кўзига тор кўрсатгани кўрсатган эди. Турмуш қурганларига ўн йил бўлган йили бирин- сирин аввал Раҳматжон ака , орадан орадан уч ой ўтиб Рауф Воҳидов оламдан ўтишди.
Отасини ўлими Гавҳархонни дарди- дунёсини қоронғи қилиб юборди. У ўзича "Отамдан нафратланаман , унинг ҳаётда бор- йўқлиги мени қизиқтирмайди" дея ўйлаб юрган бўлса-да , энди унинг ўрнини ҳеч бир эркак боса олмаслигини фаҳмлаб ваҳимага тушди .
Отаси айниқса Саид Исмоилни қизи учун тутиб турувчи қудрат эканлигини кечроқ англаган Гавҳархон эсидан оғай деди.
Рауф ака тириклик чоғида бизнесини Саид Исмоилга тегишли қисмини куёвининг ўзига ажратиб берган , қолган мол- мулкини учга бўлишни васият қилган экан. Бир қисми Гавҳархонга, бир қисми Машрабга, учинчи қисми иккинчи аёлидан бўлган ўғли Фазлиддинга.

Гавҳархоннинг ўзидан тўрт кичик укаси Машраб отасидан қолган давлатни тез орада совуриб юборди. "Бели оғримаганни нон ейишини кўринг" деган ибора айнан унга тегишлидек эди. Камига опасининг эркаклар хақидаги гумонини тасдиқлаб ўттиз ёшга киргунга қадар тўрт қайта уйланди.
Гавҳархон эса пул борасида пишиқлик қилди. У ўзига тегишли мол-давлатни ўз йўналишида юритибгина қолмасдан кенгайтирди ҳам.

Уларнинг кунлари шу тариқа ўтиб турган эди. Турмуш қурганларига ўн тўрт йил бўлганда Гавҳархон қўрққан нарса юз берди .

Фарзандсизликларига доимо ўзи сабабчи деб кўрсатилган Саид Исмоилни бир куни дўстлари ўртага олишди :

"-Тошкентга Кореядан зўр табиб - доктор келибди. Жуда кўпчилик бепушт ҳисобланиб келган эркаклар ўша доктор иккита игна санчганда отдек бўлиб кетаётганмиш..."

Саид Исмоил эртаси куни айтилган доктор қабулига кирганда , у йигитни билак томирини ушлаб диққат билан ниманидир тинглагандек бўлди-ю, кўп ўтмай ўз тилида нималарнидир чуғурлади.

/42