Get Mystery Box with random crypto!

Сабрли бўл, келинчак! Майсарахон қизини сўроқлаб келган совчи | Аёл оламни тебратар

Сабрли бўл, келинчак!

Майсарахон қизини сўроқлаб келган совчиларни унча хушламай қабул қилди. Одатий салом-алигу ҳол сўрашлардан кейин, совчиларнинг башанг кийиниб, бармоқлари бўйнию қулоқларини тиллага ўраб юборган аёл беписандлик билан тўрт томонга кўз ташлаб, таманно билан гап бошлади:
- Эндиии, оповси, қизингизнинг ишқи ўғлимга тушиб қопти. Бу боланинг ақли нимага ҳам етарди, шу қиздан бошқаси керак эмас, деб оёқ тираб олганда... Шунга уйингизга келиб ўтирибмизда, энди. Иззат-нафси камситилган Майсарахоннинг жаҳли чиқиб, қошлари пир-пир учдию, ҳарқалай меҳмоннинг ҳурмати тишини тишига қўйиб жавоб берди:
- Болаларга қўйиб берсангиз нималарни хоҳламайди?! Сиз ўғлингизга тушунтиринг, мен буёқдан қизнинг танобини тортайин. Бўлди, масала ҳал. Бунинг учун овора бўлиб келиб ўтиришингиз шарт эмас эди.
- Йўқ, оповси, сиз айтган гапларни айтиб бўлдикда. Натижа чиқмади. Манучеҳримга гап кор қилмади. Қизингиздан бошқага уйланмасмиш. Ҳатто ўзимни ўлдираман ҳам деди, астоғфуруллоҳ. Энди оповси, гапни кўпайтирмай нон ушатсак. Мен тўйни тезроқ ўтказиб товарга кетишим керак. Сатанг совчининг бу гапи Майсарахоннинг дамиқиб турган жаҳлининг отилиб кетишига асос бўлди:
- Сиз бизни ким деб ўйлаяпсиз?! Мен турмуш ўртоғимдан сўроқсиз бир иш қилмайман! Бизнинг оиламизда расм-русум бошқача! Сиз бунақанги дангалчилигингизни ўз уйингизда қиласиз, хўпми?! Қани омин, оллоҳу акбар. Мени узатадиган қизим йўқ. Ўз уйимга келиб, мени ерга урадиганлар билан асло қуда-анда тутинмайман! Майсарахон гап тамом, ана дарвоза дегандек, жаҳл билан юзига фотиҳа тортиб, дастурхон четини қайтариб қўйди. Башанг совчи, ҳа, савил деб лабини буриб, хайр-маъзурни ҳам нася қилганча кўчага йўналди, унга ҳамроҳлик қилган аёллар эса, узрхоҳлик билан Майсарахонга омонлик тилаб чиқишди. Меҳмонлар дарвозага етар-етмас, Майсарахон қизининг хонасига чопиб, уни қарғашга тушди:
- Қиз ўлгур, нималар қилиб юрибсана?! Ана севиб қолган йигитингникидан совчи ҳам келди. Ўзи бир ори йўқ бозорчию, савлатига ўламанми?! Биласанми, ўша ошиғингнинг онаси сени нималар деб ерга урди, мен қизингизни келин қилмоқчи эмасман. Аммо уни ишқи ўғлимга тушибди, шунинг учун ўғлим қизингизга уйланадиган бўлиб турибди деди. Ўл бу кунингдан! Сени кимлар келин қилмайдиа?! Шу ҳуснинг, шу туришингда манаман деган ақлли, одобли йигитлар сенга зор юрган бир пайтда, қаердаги бир бозорчининг ўғли билан топишдингми?! Кошкийди ўша чайқовчилар қадрингга етганида ҳам майли, дердим. Вой дод, қиз ўстириб шунга муносиб кўрилдимми?!. Майсарахон алам ва жаҳлдан уёқдан буёққа юрар, тинмай ўзини, қизини қарғар, ҳозиргина уйидан чиқиб кетган Зулфия сатангни беордан олиб, шармандага, чайқовчидан тортиб шаллақига ўхшатар, азбаройи иззат нафси қаттиқ оғриганидан қизининг сочларини юлишга шай эди. Яхшиям, ҳовлида қайнонаси Зиёда аянинг овози эшитилиб, аёл югургилаб ташқарига чиқди:
- Ассалому алайкум, аяжон. Тузукмисиз, яхши келяпсизми?
- Ваалайкум салом, шукр мен дурустман. Ўзларинг тинч ўтирибсизларми? Қани, меҳмонларинг келмадими? Жамшиджонни юборган экансиз, кеча шомда катта ая, эртага уйимизга ўтаркансиз, аям айтдилар. Меҳмон келишармиш, деганига келаётган жойим эди, қизим. Қайнонасининг бу гапидан тўлиб турган Майсарахон, йиғлаб юбордию, қўли билан оғзини тўсиб, аяни ичкарига таклиф қилди.
- Вой ўлмасам, тинчликми, келин?! Гапирсангизчи бундоқ, юрагимни чиқариб юбормасдан.
- Келиб кетишди... Майсарахон хиққиллаганча, аранг гапирганди, аянинг жаҳли чиқди:
- Э, бўлдие, бундоқ тушунтириброқ гапирингда, одамни кўп диққат қилмасдан. Нима бўлди?!
- Қизингизни ёқтиргани Зулфия сатангни ўғли экан ая. Совчи бўлиб келганми ё бошқа мақсадда келганми, хуллас бизни, Мадинани обдон ерга урди. Мени жаҳлим чиқиб, уни ҳайдаб юбордим. Аяжон, мен шу ниятда қиз ўстирганмидим?! Бўлган воқеани оқизмай-томизмай қайнонасига гапириб берган Майсарахон, хўрсиниб-хўрсиниб йиғлай бошлади.

Давоми бор...