Get Mystery Box with random crypto!

Тол тагида жим суриб хаёл... Ерга урса кўкка сапчиган, Тулпо | Аёл оламни тебратар

Тол тагида жим суриб хаёл...

Ерга урса кўкка сапчиган,
Тулпор миниб сомон янчиган,
Товонига тикон санчилган,
Тол тагида жим суриб хаёл,
Болалигин эслайди бир чол.

- Тўйимга, - деб тўйлиқ олганин,
- Уйимга, - деб эшик олганин,
- Ўғлимга - деб бешик олганин,
Тол тагида жим суриб хаёл,
Чақмоқ даврин эслайди бир чол.

Ўндан ошди ўғил - қизлари,
Уй тўлдирди набиралари,
Буви бўлди севган дилбари,
Тол тагида жим суриб хаёл,
Хуш дамларин эслайди бир чол.

Оқ сут берган она меҳрини,
Дуо қилган ота меҳрини,
Оға - ини, жигар меҳрини,
Тол тагида жим суриб хаёл,
Қўмсаб - қўмсаб эслайди бир чол.

Гўзал эди дўстлар давраси,
Ширин энди ҳатто ғалваси,
Тарозининг бўш бир палласи,
Тол тагида жим суриб хаёл,
Дўстларини эслайди бир чол.

Шундай экан инсон тақдири,
Ўтиб кетди бир зумда бари,
Ёнида йўқ бугун кампири,
Тол тагида жим суриб хаёл,
Кампирини эслайди бир чол.


Беги ДЎСТ.