Get Mystery Box with random crypto!

Ўн беш йил давомида мияси ўлик бўлган киши ҳақида ажойиб қисса | Аёл оламни тебратар

Ўн беш йил давомида мияси ўлик бўлган киши ҳақида ажойиб қисса!

Бир аёл 1415 (ҳижрий) йил эрида содир бўлган қиссани ҳикоя қилади:
Эрим ёш, ҳаётга қизиқиши кучли, ҳаракатчан ҳамда ниҳоятда келишган, чиройли йигит эди. Диндор ва чиройли хулқ эгаси эди. Ота-онасига кўп яхшилик қилгувчи инсонлардан эди.
Ҳижрий1390-йил турмуш қурдик. У билан бирга бошқа Саудиядаги оилалар сингари отасининг уйида яшар эдик. Ота-онасига қилган яхшилигини кўриб ҳайратга тушардим. Аллоҳга мен учун ушбу эрни насиб қилгани учун ҳамд айтардим. Уйланишимизга бир йил ўтиб қиз фарзандлик бўлдик.
Кейинроқ эримнинг иши мамлакат шарқидаги минтақага кўчди. У бир ҳафта ишига кетиб, ўша ерда қолар ва келиб уйимизда бир ҳафта бўларди. Уч йил мана шундай ўтган, қизим тўрт ёшга кирган эди.
1395-йил рамазон ойининг 9-куни, уйимизга қайтаётиб Риёзда машинаси ағдарилиб кетиб автоҳалокатга учради. Бунинг орқасидан касалхонага ётқизилди. У кома ҳолатига тушди. Даволаётган мутахассис дўхтирлар эримнинг мия фаолияти умуман тўхтаганини ва 95%фоиз мия ҳужайралари талофатга учраганини билдиришди.
Бу воқеа бизга жуда аламли бўлди. Хусусан унинг ёши ўтган ота-онасига қаттиқ таъсир қилди. Отасини қаттиқ яхши кўрадиган Асмо қизимизнинг саволлари ичимни тирнарди. Дадаси унга яхши кўрадиган ўйинчоғини олиб беришни ваъда қилганди.
Биз ҳар куни навбатма-навбат эримнинг ҳолини билгани бориб турардик. Лекин унинг ҳолати ўзгармас эди.
Беш йил ўтганда, баъзи одамлар менга қозиликка бориб, эримнинг мияси ўлганлиги ва у тирилишлигига умид йўқлигини айтиб қозидан талоқ олишлигимни маслаҳат берди. Баъзи шайхлар эр кишининг мияси ўлганлиги аниқ бўлган тарзда аёл киши талоқ олиши мумкин деб фатво берди. Бироқ мен бундан қатъийян бош тортиб, модомики эримнинг жасади ер устида экан талоқ олмаслигимни айтдим. Ёки бошқа ўликлар сингари дафн қилинсин ёки Аллоҳ бир ишга бошлагунча уни мендан айирмасинлар дедим.
Энди асосий аҳамиятимни қизчамга қаратдим. Қизимни Қуръон ёдлатиш мадрасасига олиб кирдим. У ўн ёшга тўлмасдан Қуръонни тўлиқ ёд олди. Кейинчалик қизимга отасига нима бўлганини айтдим. У доим отасини ёдга олар, гоҳида йиғлар, гоҳида ичига ютар эди.
Қизим динга аҳамиятли қиз бўлганди. Ҳамма фарз намозлирини ўз вақтида ўқирди, етти ёшга кирмасдан туриб кечанинг охирида туриб ибодат қиларди. Раҳматли бувиси ва боболари билан биргаликда менга уни чиройли тарбия қилишни муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар айтаман.
Қизим мен билан бирга вақти-вақти билан дадасини кўргани борар, баъзида эса салом йўллар, шунингдек дадасининг номидан садақалар қилар эди.
1410-йил кунларидан бирида қизим менга караб:
Эй онажон, мени дадамнинг олдида қўйиб кетинг, бу кеча дадамнинг ёнида ётиб қолай деди. Бир оз иккиланиб турдимда, кейин рози бўлдим. Қизим сўзлайди:
Дадамни ёнига ўтириб Бақара сурасини ўқий бошладим. Уни ўқиб битирдим. Кейин мудроқ босганди, ухлаб қолдим. Турсам, гўё юзимни табассум қоплагандай, қалбим эса ором олгандай бўлди. Шунинг учун ўрнимдан туриб, таҳорат қилдим ва Аллоҳ қодир қилгунча намоз ўқидим. Сўнг намозгоҳимда иккинчи марта мудроқ босди. Лекин худди бир киши менга:
- Тур, қандай қилиб Раҳмон Зот уйғоқ бўлса, сен ухлайсан?! Аллоҳ бирон бандасини қуруқ қайтармайдиган бу ижобат соатида қандай ухлайсан, дегандай бўлди. Худди бир йўқотган нарсамни эслагандай бўлиб турдим. Қўлимни кўтардим, дадамга қарадим, кўз ёшларим тўлиб оқаётган эди... ва дуо қилдим:
Эй Роббим, Эй тириклик ва қайюмлик сифатига эга Зот! Эй Жаббор! Эй Буюк Зот! Эй ҳамма нарсадан олийликдаги Зот!
Эй Раҳмон! Эй Раҳийм! Мана бу менинг дадам Сенинг бандаларингдан биридир, унга мусибат етди, биз эса сабр қилдик ва Сенга хамдлар айтдик. Сен бизга қазо қилган ҳукмингга рози бўлдик.
Эй Аллоҳ, у Сенинг хоҳишинг ва раҳматинг остидадир!
Эй Аллоҳ! Эй Айюбга дардидан шифо берган, Мусони онасига қайтарган, Юнусга балиқ қорнида нажот берган ва оловни Иброҳимга совуқ ва саломатлик қилган Зот! Дадамга тушган дарддан Ўзинг шифо бергин!

Давоми бор...