Get Mystery Box with random crypto!

АРШНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ШАҲИД Мушрикларнинг мусулмонлар устига | 𝗔𝗬𝗢𝗟𝗟𝗔𝗥𝗜𝗠𝗜𝗭 𝗞𝗔𝗡𝗔𝗟𝗜

АРШНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ШАҲИД
Мушрикларнинг мусулмонлар устига ҳамласи ниҳоятда шиддатли тус олди. Мадинага кириш имкони бор жойларга ҳужум қилишар, икки томондан камон ўқлари тинмай ёғиларди. Расули акрам қуролланган ҳолларида отларига минганича турар эдилар.
Саъд ибн Муъозга шаҳар ҳудудини душманлардан мудофаа қилиш вазифаси топширилган эди. У бор шижоати билан душманлар ҳамласига қарши аёвсиз зарба берди. Бир маҳал Қайс ибн Арақанинг ўғли Жаҳон пайт пойлаб Саъд (розияллоҳу анҳу)га:
– Мана, қабул қилиб ол! Мен Арақанинг ўғлиман! – деб ўқ отган эди, ўқи нишонга тегиб Саъднинг томиридан қон оқа бошлади.
– Аллоҳ сенинг юзингни дўзахда куйдирсин, – дея жавоб берди у. Томиридан қон отилиб чиқар эди. Қонни тўхтатиш учун биринчи шошилинч муолажани қилди.
Ҳолатни кўрган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) назорат қилиб туриш учун унга чодра ўрнатишни амр қилдилар. Саъд нигоҳини юқори кўтарди ва ҳайқириб:
– Эй Аллоҳ! Сен яхши биласан, мен учун Сенинг розилигинг истагида Расулингни ёлғончи қилган ва юртидан чиқариб юборган қавм билан жанг қилишдан кўра маҳбуброқ иш йўқ! Эй Аллоҳ! Биламан, сен жангни биз билан Қурайш ўртасига қўйгансан. Мабодо, Қурайш ғолиб келса, мени ҳам қолдиргин, токи Сенинг йўлингда улар билан жанг қилай. Мени жанг майдонида ўлдир, аммо вафотимга қадар ғалабани ўз кўзларим билан кўришни насиб этгин!
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўн кунга яқин қамал ҳолда туриб қолдилар. Сўнг Аллоҳ таолога илтижо қилдилар:
– Эй Аллоҳ! Мен Сенинг аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман! Эй Китобни нозил қилган, ҳисобни осон қилган Зот! Аҳзобни тор­мор қилгин!
Аллоҳ таоло Расулининг дуоларини ижобат қилди. Тунда Аҳзобга шиддатли шамол йўллади. Натижада мушриклар қадам босишнинг ҳам иложини қила олмай қолишди. Мусулмонларга нусрат берди. Улар тинмай Аллоҳ таборак ва таолога шукронани қилишди.
Мусулмонлар Бани Қурайзани йигирма беш кун қамал қилдилар. Ниҳоят яҳудийлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан юртларини мусулмонларга ташлаб Шомдаги Азриъотга кўчиб кетишга изн беришларини сўрашди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рад этдилар ва келишиш учун хоҳлаган кишисини ўртага вакил этишини таклиф қилдилар. Улар Саъд ибн Муъоз (розияллоҳу анҳу)ни танлашди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъдни чақиртирдилар ва Бани Қурайза билан ўртада ҳукм чиқаришга вакил қилдилар.
Саъд аҳдини бузган, мусулмонларнинг душманларига ёрдам берган, натижада Хандақ ғазотида ва мазкур ғазотда мусулмонларнинг қони тўкилишига сабабчи бўлган хоинларнинг ҳукмини чиқаришга имкон берилганидан шодланиб кетди. У бор шижоати ва илми билан ўртада адолатли ҳақ ҳукм чиқарди. Жангга чиққанларини ўлдиришга, аёлларни асир олишга, мол­мулкларини мусодара қилиб мусулмонларга тақсимлаб беришга ҳукм қилди. Ҳолбуки, Саъд улар билан аҳил дўст эди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Аллоҳ таоло еттинчи осмонда чиқарган ҳукмини чиқардинг. Сенинг бу чиқарган ҳукмингдан Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам рози бўлдилар. Мен ҳам шунга буюрилган эдим, – дедилар.
Саъд (розияллоҳу анҳу) яна ўзи даволанаётган чодрага қайтди. Ўтда куйдирилган жароҳатидан яна қон оқа бошлади. Иккинчи марта яна куйдирилди. Жароҳат яна кучайиб Саъдни вафот этишгача олиб келди. Жон таслим қилаётган пайтида Жаброил (алайҳиссалом) келди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га:
– Бу инсон ким, унга осмон эшиклари очилди, Арш ларзага келди, – деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шошилиб кийимларини кийиб Саъднинг олдига бордилар. Етиб келиб қарасалар, жон таслим қилган экан.
Жанозаларини Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари ўқидилар.
Саҳобалар сўрашди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Бунчалик енгил маййитни кўрмаган эдик?
– Ҳа, ҳозир осмондан шунчалар кўп фаришталар тушдики, шу кунгача бунча тушмаган эди. Ўша фаришталар кўтарганидан сизларга енгил бўлди, – дедилар.

"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётидан лавҳалар" китобидан.

@ayollarimiz_kanali