Get Mystery Box with random crypto!

Қалин қор ва музлама сабаб автоаварияга учраган шахсларга зара | Avtobozor.uz | Расмий канал

Қалин қор ва музлама сабаб автоаварияга учраган шахсларга зарарни ким қоплайди?

Ҳозир гап айнан қалин қор ва аномал совуқдан музлаган бироқ, ўз вақтида тозаланмаган йўллар сабаб аварияга учраган фуқароларнинг соғлиғига, мулкига ва автомашинасига етказилган зарар ҳақида кетмоқда.

Энг аввало, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонунга қараймиз ва даставвал қайси йўллар кимга ва қайси ташкилотга қарашли эканлигини аниқлаб оламиз.

Мазкур Қонуннинг 8-моддасига асосан автомобиль йўллари қуйидаги тоифаларга бўлинади: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари; шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари; хўжалик автомобиль йўллари.

1. Умумий фойдаланишдаги йўллар деганда биз ҳалқаро йўллар тармоғидаги йўлларни, вилоятлар ва туманларнинг маъмурий марказлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, маданият ҳамда саноат марказлари ўртасида транспорт қатновини таъминлайдиган йўлларни ҳамда туманларнинг маъмурий марказларини шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар билан, шунингдек давлат аҳамиятига молик йўллар билан боғлайдиган йўлларни тушунамиз. Мазкур йўллар соҳа бўйича махсус ваколатли орган Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ихтиёрига киради (Қонуннинг 9-моддаси).

2. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари деганда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яъни ҳокимликлар ихтиёрида бўлган шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги кўчаларни тушунамиз (умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатига киритилган участкалар бундан мустасно). Қонуннинг 10-моддасига кўра, бундай йўлларга ҳокимликлар жавоб беради, асосий ижрочилар эса улар таркибидаги ободонлаштириш бошқармаларидир.

3. Хўжалик автомобиль йўллари деганда, турли технологик мақсадларга хизмат қиладиган йўлларни, шохобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўлларини тушунамиз. Бундай йўллар давлат тасарруфидаги ташкилотлар ихтиёрида ҳам, бошқа юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида ҳам бўлиши мумкин (қонуннинг 11-моддаси).

Энди, йўллар ихтиёрида бўлган ўша йўл эгаларининг мажбурияти ва жавобгарлигини кўриб чиқсак.

“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси 1-қисмидаавтомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш мазкур йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланади” дейилган. Демак, юқоридаги 3 та тоифадаги йўллар кимнинг ихтиёрида бўлса, айни ўша шахслар бу йўлларни таъмирланишига, сақланишига, шу жумладан, қор ва музламалардан ўз вақтида тозаланишига ҳам масъул экан.

Қонуннинг 17-моддасида эса автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар (яъни сизу биз) автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, 25-моддада автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша шахс автомобиль йўлидан фойдаланувчига автомобиль йўлидаги носозлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шартлиги аниқ қилиб кўрсатилган.

Ҳулоса, автомобиль йўлидаги қалин қор ва музлама сабабли автоаварияга учраган ва натижада соғлиғига, мулкига ҳамда автомашинасига зарар етган фуқаролар ушбу йўллар кимнинг ихтиёрида (балансида) бўлса, ўша ташкилот ва ўша шахсдан етказилган зарарни ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Яъни, агар авария умумий фойдаланишдаги йўлда бўлган бўлса, зарар Автомобиль йўллари давлат қўмитасидан ундирилади, агар авария йўл шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан бирида юз берган бўлса, зарар шу тумандаги ҳокимликдан, агар авария хўжалик автомобиль йўлида бўлган бўлса, зарар шу йўл балансида бўлган юридик ёки жисмоний шахсдан ундирилади.

Яқинларга ҳам улашинг!

Обуна бўлинг @AvtoBozor