Get Mystery Box with random crypto!

Ҳурматли ўқитувчилар, ота-оналар ва халқ таълими тизимига бефа | A.Avloniy nomidagi milliy-tadqiqot instituti

Ҳурматли ўқитувчилар, ота-оналар ва халқ таълими тизимига бефарқ бўлмаган жамоатчилик вакиллари!

Хабарингиз бор Халқ таълими вазири сифатида фаолият бошлаган илк кунларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича келгуси 5 йиллик Миллий дастур ишлаб чиқилаётгани муносабати билан сизлардан халқ таълими тизимини ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар сўраган эдим.

Қувонарлиси, ўтган вақт мобайнида халқ таълими тизимига бефарқ бўлмаган фуқаролардан 7 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Таклифларнинг қарийб 25 фоизи ота-оналар, 70 фоизи тизим ходимлари ва 5 фоиздан ортиғи бошқа фуқаролардан келиб тушган. Вазирлик жамоаси билан биргаликда сизлардан келиб тушган ҳар бир таклиф ва мулоҳазаларни ўргандик ва таҳлил қилдик.

Таҳлиллардан маълум бўлдики, ота-оналарнинг аксарият қисми синфларда ўқувчилар сонини камайтириш, педагог ҳодимларнинг сифат даражаси, ўқитувчилар ва синф хоналарнинг етишмаслиги, шу билан бирга дарсликлар сифати ва дарсликларнинг етишмаслиги ҳақида таклиф билдирган. Тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар эса асосан ўқитувчи мақомини ошириш, педагогларнинг дарс ставкаларини бошланғич синфларда 18 соатдан 16 соатга тушириш, дарс тақсимоти, ойлик иш ҳақи ва сертификациялаш тизими каби кўплаб таклифларини йўллаган.

Сиз томондан юборилган ҳар бир таклифнинг аҳамиятини инобатга олиб, уларнинг барчаси вазирлик жамоаси томонидан ўрганилиб, 2022-2026 йилларда мактаб таълими ривожлантириш Миллий дастури лойиҳасига киритилди ва яқин йилларда жорий қилинади.

Бугун давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан таълим-тарбия соҳасида янги давр бошланган. Уни янада юксалтириш фақат ва фақат ўзимизга, ҳамжиҳатлигимизга ва келажак авлодни салоҳиятли ва билимли бўлиб улғайиши учун қаттиқ меҳнат қилишимизга боғлиқ.

Ҳаётини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир ва биз бунга эришиш учун барча кучимизни сафарбар этамиз.