Get Mystery Box with random crypto!

“Манчестер Сити” АПЛ да 17 ўйинда атиги 29 гол урди. Бу лигада | Асланов билан футбол

“Манчестер Сити” АПЛ да 17 ўйинда атиги 29 гол урди. Бу лигада 8-кўрсаткич, шунақасини кўрганмисиз илгари? Бир ўйинда ўртача 1.70 голдан тўғри келади. Бу ҳам кечаги “Кристал Пэлас”га урилган 4 гол билан, олдинроқ умуман 1.56 эди. Пепнинг олдинги тўрт мавсумида бу кўрсаткич 2 дан пастга тушмаган. Ўтган мавсумда 2.68, ундан олдин 2.50, олдингисида 2.78 бўлганди. Ҳатто энг омадсиз ҳисобланган Пепнинг илк мавсумида ҳам “Сити” ўртача 2.10 кўрсаткични қайд этган. “Манчестер Сити”нинг лигада энг кўп гол урган футболчиси Раҳим Стерлинг, унинг ҳисобида атиги 5 гол бор. “Шеффилд”нинг бомбардири ҳисобида ҳам шунча. Тасаввур қилинг, ҳатто “Лидс”, “Ньюкасл”, “Брайтон” каби жамоаларнинг тўпурарлари ҳисобига кўпроқ гол бор.

Гап фақат “Сити” кам гол ураётганида эмас, бу муаммога Пеп Гвардиоланинг ечими қандай бўлаётганида. Айтайлик, самарадорлик пасайишининг кўриниб турган сабаблари бор – Агуэро анчадан бери ё жароҳатда, ё формада эмас, Жезус энг тиғиз сўнгги ойларда вирусдан даволанди. Таркибда бирорта ҳам ҳужумчи қолмагач, албатта, голлар камайиш турган гап. Аммо Гвардиола ҳозир очиқ трансферлар ойнасида турган бўлса-да, Агуэрога ўринбосар ёки Жезусга рақобатчи қидиришни ўйламаяпти ҳам. Энди ечимга бошқа йўлдан борилмоқда – ҳимояда ишончли ўйнаш.

Мавзунинг иккинчи қисмига келамиз. Мавсум бошида “Манчестер Сити” “Лестер”дан 2:5 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўша беш голдан сўнг, кейинги 15 ўйинда жамоа атиги 7 маротаба гол ўтказиб юборди, 9 ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлади. Барча мусобақаларда охирги 8 ўйинда атиги 2 гол қўйиб юборилди. Бири “Арсенал”дан 4:1 ҳисобида ютилган кубок ўйинида, иккинчиси “Челси”ни 3:0 ютаётиб, сўнгги дақиқаларда. Яъни бугунги “Манчестер Сити”га гол уриш жуда қийин бўлиб кетди, айниқса, Стоунз – Диаш жуфтлиги ҳақиқий қурғонга айланди. Гап фақат алоҳида номларнинг индивидуал ҳаракатларида эмас, умуман “Манчестер Сити” прессинг зонасини бироз орқага сурди, айниқса, топ ўйинларда анча эхтиёткор ўйнай бошлади. Қайсидир маънода “Лестер” ва “Тоттенҳэм”га қарши ўйинлардаги муваффақиятсизликлар Гвардиолани конспектларини қайта кўриб чиқишга ундагандир.

Ишончли ҳимоя албатта, “Манчестер Сити”ни жиддий кучга ва АПЛ пешқадамига айлантирди. Айниқса, масофавий турнирларда бу муҳим. Ҳимоядаги ишончли ўйин рақибнинг имкониятини икки баробар пасайтиради. Авваллари ўтказиб юбориладиган кераксиз голлар рақиб жамоага ишонч ва умид бериб, оқибатда “Сити” очколар йўқотган бўлса, ҳозир ундай эмас. Ҳимоя яхши ушланса, албатта, Де Брюйне ва шериклари олдинда керакли голларни уриш имкониятини топишларига шубҳа йўқ.

Лекин масаланинг бошқа томони шундаки, алоҳида ўйинларда, айтайлик Чемпионлар Лигасидаги кучли рақиблар билан муҳим баҳсларда ишончли тўп сура олиш учун доимий тўпурар футболчи зарур. Бу масала ҳали ечилмаётгани якунда “Манчестер Сити”га панд бериши ҳам мумкин. Балким ЕЧЛ даги мағлубиятларида (Монако, Тоттенҳэм, Ливерпуль, Лион) айнан ҳимоядаги хатолардан азият чеккан Пеп Гвардиола бу сафар бошқа йўлдан бормоқчидир?