Get Mystery Box with random crypto!

«Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед»нинг бир кунда мос равишда 2 | Асланов билан футбол

«Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед»нинг бир кунда мос равишда 2:7 ва 1:6 ҳисобидаги мағлубиятлари солиштирилар экан, қайси бири оғриқлироқ, деган саволга бир фикр жуда ёқди.

Клопп жамоасининг мағлубияти оғриқлироқ, кейинги таъсири хавфлироқ, давоми бор. Гап бу ерда Астон Вилла кучсизроқ эканидан ё МЮ бир киши кам ўйнаганидан эмас, бошқа.

«Юнайтед»нинг муаммолари шундоғам маълум эди. Магуайрнинг ёмон формаси, Шоунинг даражаси, Де Хеанинг қутқармаётгани, Погба ва бошқалар - бу камчиликлар йиғилиб, 1:6 ни ясаши ҳайрон қоларли ҳолат эмас. Шундоғам, МЮ чемпионликка даъвогар эмас, тўртлик учун курашда ҳали ҳаммаси олдинда, ўтган йили ҳатто 8-ўринда юриб ҳам, яхши серия қилиб, учликка чиқиш имконини кўрдик. Тушунарли.

«Ливерпуль» учун эса, бу мағлубият катта воқеа. Жамоа ўзини енгилмас, мукаммал сифатида намоён қилаётганди, рақиблар ўйиндан олдиноқ, имконият йўқлигини билиб тушишар, ҳар қандай ҳолатдаям, барибир охиригача «Ливерпуль» ғалаба қозонишига ҳамма ишонарди. Бу жамоага қўшимча устунлик берардики, энди, мана шу фактор йўқолди. Бирмингемликлар шунчаки, омад туфайли эмас, айнан тактик қопқонлар, ўнг қанот ҳимоясидаги бўшлиқларни топиб, жазолади. Ливерпулни ютишмас, енгиш ҳам мумкинлигини дунёга намоён қилди.

Икки йил олдин Англияда «Манчестер Сити» ҳам шунақа мақомда эди. Кейин Клопп уларни йирик ҳисобда енгди, яна енгди, натижада «Сити» ҳам оддий жамоага айланиб қолди.

«Биз Ситининг камчилигини билардик - уларни тўпсиз қолганда жазолаш мумкин» - бу Брендон Рожерснинг 5:2 ғалабадан кейинги сўзлари.
«Лестер» Гвардиола жамоасининг прессингга мубтало эканидан фойдаланди. Кўпчилик бўлиб, тўп учун талашишга ундаб, узун паслар билан жазолади.

«Астон Вилла» эса, ҳимояда у қадар кучли бўлмаган Трент ва ўша қанотда ортга унча қайтмайдиган Салоҳдан фойда чиқарди. Ўша зоналарга урғу бериш орқали, вазиятлар яратди.

«Юнайтед»нинг мағлубияти янги бирор хулосага сабаб бўлолмайди, аммо «Ливерпуль»нинг «ахилл товони» кўриниб қолди. Ҳар ҳолда, мукаммал жамоа 7 та қўйиб юбормайди.