Get Mystery Box with random crypto!

​ҲАЙИТ АЙЁМ МУБОРАК! Минг шукрким, етказди, Ғам-андуҳни кетка | Asadbek - IT Blog

ҲАЙИТ АЙЁМ МУБОРАК!

Минг шукрким, етказди,
Ғам-андуҳни кетказди.
Сўранг ҳар қандай тилак,
Ҳайит айём муборак.

Роббим этгай мустажоб,
Бу фурсат бўлар камёб.
Дуога чўзинг билак,
Ҳайит айём муборак.

Гуллар қийғос очилиб,
Заминга зар сочилиб,
Нурга чулғанди фалак,
Ҳайит айём муборак.

Тилингиздан томсин бол,
Қариндошдан сўранг ҳол.
Эътибор беринг жиндак,
Ҳайит айём муборак.

Иқболимиз порлоқдир,
Кибру ҳасад йироқдир.
Чирой очсин келажак,
Ҳайит айём муборак.

Меҳр-шафқат улашиб,
Хайру саховат тошиб,
Товлангандек камалак,
Ҳайит айём муборак.

Жизғанак бўлиб шайтон,
Бизга қилолмас исён.
Кулиб боққайдир малак,
Ҳайит айём муборак.

Мусулмонлар шод бўлар,
Қалблар қувончга тўлар.
Иймон жаннатдан дарак,
Ҳайит айём муборак.

Бу кунлар ҳам ғанимат,
Байрам қилмоқлик суннат.
Бунга қилманг ҳаргиз шак,
Ҳайит айём муборак.

Савоб жилмайиб боқар,
Барчамизга хуш ёқар.
Гўё нозли келинчак,
Ҳайит айём муборак.

Роббим Ўзи Ғаффордир,
Байрам мисли ифордир.
Дилдан севинмоқ керак,
Ҳайит айём муборак.

Яйранг, қувнанг, яшанг шод,
Юртимиз бўлсин обод.
Файзга тўлсин теварак,
Ҳайит айём муборак!

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ

@TegibKetdimi – сиз излаган контент бизда))