Get Mystery Box with random crypto!

ЮҚОРИ ДИД СОҲИБИ 29 март бугун. Ёшлигимда Италия А серияси ў | 90 PLUS ARENA

ЮҚОРИ ДИД СОҲИБИ

29 март бугун. Ёшлигимда Италия А серияси ўйинларини бошқача кузатардим. У ерда ўйновчи ҳар бир плеймейкер кўзимга тенгсиз қобилият эгаси бўлиб туюларди. Ростанам шундай эди ўзи.

Ҳатто миллати итальян бўлмаган легионер юлдузлар ҳам бу воҳада италияликка айланиб кетишар, ҳаракатларида қадимги Римнинг савлати намоён бўларди.

Ана шундай ноёб талант соҳиби – португалиялик Руи Кошта учун бугунги сана муҳим. 1972 йили туғилган.
Италияда 12 йил ўйнаган, “Фиорентина”да Батиголга ўхшаб фиалкаларнинг суюмлисига айланиб қолганида, “Милан”га даҳшатли сумма эвазига аср аввалида ўтган.

“Милан”да беш йил ўйнади. Чемпионлар лигаси ғолибига айланди. Россонери таркибида нозик ҳаракатлари билан узоқ йиллар мухлислар хотирасида сақланиб қолди.

2004 йили терма жамоаси билан энг ажойиб мавсумини ўтказган, десак, муболаға ишлатмаган бўламиз. Португалия терма жамоаси уйидаги Еврода Грецияга имкониятни бой бергунига қадар Руи Коштанинг елкасида эди. Криштиану Роналду энди-энди “катталар” ичига кириб келаётган лаҳзалар эди.

Луиш Фигу ва Эйсебио сингари Кошта ҳам ҳужумчи ортидаги ярим ҳимоячи бўлган. Жаҳон футболининг энг яхши треквартистларидан бири. Голга ассистлик борасида ҳам, дриблингда ҳам, зарбада ҳам Руи зўр саналган, аммо унинг энг катта ютуғи – майдонни яхши кўра олиши эди. Тўпни олган заҳоти очиқ қолган шеригини топар, ё ўша шерикларига ҳудуд очишга устаси фаранг эди. “Милан” клуби ва Португалия терма жамоаси қандай муваффақиятга эришган бўлса, бугунги қаҳрамонимизнинг беқиёс хизматлари эвазига содир бўлган.

Хуллас, ёш авлод, билиб қўйинг, Португалияда Роналдудан аввал ҳам зўр ўйинчилар бўлган


Futbolni sevuvchilar tanlovi https://t.me/arena_90plus