Get Mystery Box with random crypto!

1. Арафа куни уруш ҳаром қилинган ойлардан бири – зулҳижжа ойи | ☪️ ARAB TILINI ORGANAMIZ🌠

1. Арафа куни уруш ҳаром қилинган ойлардан бири – зулҳижжа ойининг бир кунидир. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, Аллоҳ наздида ойлар саноғи ўн икки ойдир. Улардан тўрти уруш ҳаром қилинган ойлардир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир)” (Тавба, 36). Уруш ҳаром қилинган ойлар: зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойларидир.

2. Арафа ҳаж мавсуми бўлган ойлардаги бир кундир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир” (Бақара, 197). Маълумки, ҳаж мавсуми шаввол, зулқаъда ойлари, шунингдек, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир.

3. Арафа Аллоҳ таоло Қуръонда мақтаган маълум ойлардаги бир кундир. Аллоҳ таоло айтади: “Улар (диний ва дунёвий) манфаатлардан баҳраманд бўлишлари ва маълум кунларда ўзларига ризқ қилиб берилган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) асносида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)” (Ҳаж, 28). Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: “Қуръонда айтилган “маълум кунлар” зулҳижжанинг аввалги ўн кунидир”.

4. Арафа Аллоҳ таоло бу кунларнинг фазилати улуғлиги ва қадри баландлигига ишора қилиб, қасам ичган ўн куннинг биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўн кечага қасам…” (Фажр, 2). Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу ўн кеча зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир”.

5. Арафа унда қилинган ҳар бир солиҳ амал бошқа кунлардагига нисбатан Аллоҳга суюклироқ, афзалроқ ва савоби кўпроқ бўлган зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг биридир. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу (яъни зулҳижжанинг) ўн кунида қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?”, сўрашди саҳобалар. “Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан жиҳодга чиқиб, булардан биронтаси билан қайтмаган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти, 969).

@Arabtili_QURONoqish
@suralar_qurondan