Get Mystery Box with random crypto!

Эслатма Рамазоннинг қадами эшитилмоқда... Аллоҳ таоло ай | arabic.uz (hikmatlar)

Эслатма

Рамазоннинг қадами эшитилмоқда...


Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз», Бақара сураси 183-оят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар». Яна у зот: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар». Муттафақун алайҳ.

Жобир розияллоҳу анҳудан яхши санад билан ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир мусулмоннинг Рамазонда ижобат бўладиган дуоси бор", дедилар. Имом Аҳмад ривояти.

Солиҳ салафлар Аллоҳнинг китобига бошқача эътибор беришар эди. Айниқса Рамазонда ақл бовар қилмас даражада ажойиб бир ҳолатлар кўрилган. Баъзилари Рамазонни ўн кечасида Қуръонни хатм қилишар, баъзилар етти ва баъзилар уч кечада хатм қилишар эди.

Соиб ибн Язиддан ривоят қилинади: «Саҳобалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида Рамазонда йигирма ракъат таровеҳ ўқишар ва унда юзлаб оятларни хатм қилишар эди. Усмон ибн Аффон даврларида қиёмда узоқ туришганидан асоларга суяниб олишар эди». Имом Байҳақий ривояти.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Қуръон дунё осмонига Қадр кечасида бир йўла нозил қилинди. Сўнгра, ундан кейин йигирма йил мобайнида бўлиб-бўлиб нозил қилинди”, деди. Байҳақийнинг «Шуъабул иймон» асаридан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Садақаларнинг энг афзали Рамазонда берилган садақадир", дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Қатода: "Агар Рамазонда гуноҳларинг кечирилмаса, ундан бошқасида кечирилмайди", деб айтдилар.

Аллоҳим! Сендан гўзал рўза ва гўзал хотима сўраймиз. Бизни Рамазонда зиён кўрувчилардан қилиб қўйма!

@arabicuz

iOS | Android
Instagram | Facebook | Twitter | Tiktok | Youtube