Get Mystery Box with random crypto!

​​ҚУРЪОН, БУ... Қуръон, бу – энг улуғ омонат, шундай омонатки | 🇸🇦ARABCHA SO'ZLASHISH🇺🇿

​​ҚУРЪОН, БУ...

Қуръон, бу – энг улуғ омонат, шундай омонатки, бу омонатга бизгача ҳам хиёнат қилишмаган, биз ҳам хиёнат қилмаймиз, биздан кейин ҳам хиёнат қилишмайди, чунки илоҳий тавсия шундай бўлган, бу тавсияга бажону дил амал қилинади, амал қилинмаса, Илоҳнинг ўзи аралашиб, бошқача йўл тутишдан омонда сақлайди.

Қуръон, бу – абадий ҳужжат, шундай ҳужжатки, унга ҳар онда мурожаат қилинган, биздан кейин ҳам мурожаат қилишади, бу жараён бир лаҳзага бўлса ҳам тўхтамайди, шундай ҳужжатки, улуғ кунда асқотади, яхшиларга яхшиликлари учун, ёмонларга ёмонликлари учун ҳужжат бўлади, кимлар учундир “хайрият” дейишга, кимлар учундир “афсус, аттанг” дейишга сабаб бўлади.

Қуръон, бу – шифо, ҳам тан учун, ҳам руҳ учун мукаммал даво, битмас-туганмас дармон манбаи, сиқилган қалбларни кенгликка чиқарувчи шифокор.

Қуръон, бу – энг улуғ таскин, шундай таскинки, кўзига дунё тор кўриниб турган мўъмин ва мўъмина банда учун дунёни кенг қилиб қўяди, яшашидан маънолар касб эттиради, шукроналик кўз ёшларини тўктиради, ҳаётдан мамнунлик ҳисларини шакллантиради.

Қуръон, бу – садоқатли ҳамроҳ, шундай ҳамроҳки, биз ожизлигимизга бориб, унинг ҳамроҳлигини сеза олсак ҳам, сеза олмасак ҳам, дунёдан ЧИҚИШ ЭШИГИдан ҳатлаб чиқишимиз билан у бизни кутиб турганини, қабрдаги ёлғизлик ҳаётимизда ҳам, улуғ ГАВЖУМЛИК кунидаги миллиардлаб инсонлар саросимада турадиган катта издиҳомда ҳам содиқ ҳамроҳлигини билиб қоламиз. Ўшанда биз ундан, ўзимиздан, уни ўқиб – мутолаа қилиб, тиловат қилганимиздан, қироат қилганимиздан, ўқиганларимизга амал қилганимиздан РОЗИ бўламиз.

Қуръон, бу – йўлланма, шундай йўлланмаки, биз у билан улуғ МАНЗИЛ, чексиз неъматлар ато этиладиган, сон-саноқсиз роҳат ва фароғатлар тайёрлаб қўйилган жаннатга кирамиз, иншааллоҳ!

Қуръон, бу – шунчалар улуғ хазина! Қандай қилиб у билан дўстлашмаслик мумкин?! Ҳа-я, бунинг ҳеч ҳам иложи йўқ!


╭─────┅═ ═┅─────╮
◒[I➣#arab_tiliga_oshiqlar_kanali
◒[I➣@Arabcha_sozlashish
╰─────┅═ ═┅─────╯