Get Mystery Box with random crypto!

АОКАда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича б | AOKA - Rasmiy kanali

АОКАда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

Бугун Агентликда директор А.Ходжаев ва мутасаддилар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси делегацияси вакиллари: Сайлов департаменти раҳбари Меган Фицджеральд ва ДИИҲБнинг сайлов бўйича маслаҳатчиси Ксения Дашуцина билан учрашди.

Учрашувда жорий йилда ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик масалалари, жараёнларни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли, шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда ОАВ эркинлиги ҳамда ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамлангандан сўнг мамлакатда ОАВ ва ахборот борасидаги қонунчиликларга киритиладиган ўзгаришлар муҳокама қилинди.

АОКА директори А.Ходжаев делегация вакилларига Агентлик томонидан ишлаб чиқилган, жамоатчилик муҳокамасида билдирилган таклифлар асосида тегишли давлат органлари ва идоралари иштирокида қайта тўлдирилган ҳамда ҳозирги вақтда ЮНЕСКО экспертлари ўрганиб чиқишлари учун тақдим этилган Ахборот кодекси лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ахборот кодексида ОАВ эркинлиги билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланаётгани, шу билан бирга, шахс эркинлиги ва шахсий маълумотлар ҳимояланиши билан боғлиқ масалалар кодексда аниқ белгиланаётганини таъкидлади.

Сайловга тайёргарлик ишлари ва уни ўтказиш, сайлов кампанияларини ёритишда маҳаллий оммавий ахборот воситалари барча президентликка номзодларнинг фаолиятлари ва сайлов дастурларини бир хилликда ва тенг ёритишлари таъминланиши алоҳида қайд этилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги муҳим сиёсий воқеликлардан бири – Президент сайловини шаффоф ва холис ўтказишда сайлов кампанияларини ташкил этиш, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнлари кенг ёритилишида барча зарур шароитларни яратиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва кўмаклашишга келишилди.


Telegram | Youtube | Facebook | Instagram | Медиабанк | Сайт